Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия афғон муҳожирлари борасида Толибон билан келишув тузмоқчи

Германия афғон муҳожирлари борасида Толибон билан келишув тузмоқчи

Германия «Толибон» ҳаракати билан депортация қилиниши керак бўлган афғон фуқароларини қайтариш бўйича келишув тузмоқчи.

Бу ҳақда Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт маълум қилди.

«Ғоя шундан иборатки, биз тўғридан-тўғри Афғонистон билан репатриацияни таъминлаш бўйича шартнома тузамиз. Афғонистон билан музокаралар олиб бориш учун биз ҳали ҳам учинчи томонларга муҳтожмиз, аммо бу доимий ечим бўлиб қолиши мумкин эмас», – деди Добриндт пайшанба куни Focus нашрига.

Германия ўтган йилнинг август ойида судланган афғон муҳожирлари учун Афғонистонга депортация парвозларини тиклаган эди. Толибон 2021 йилда ҳокимиятга қайтиши муносабати билан аввалроқ бу жараён тўхтатилган бўлган.

Берлиннинг айтишича, парвозлар «асосий минтақавий ҳамкорлар» кўмагида амалга оширилган. Аммо ҳозир Германия бу ишни бевосита Толибон билан ҳамкорликда қилмоқчи.

Пайшанба куни чоп этилган интервьюсида Добриндт Берлин Германияда жиноят содир этганликда айбланган суриялик муҳожирларни депортация қилиш бўйича келишувга эришиш учун Дамашқ билан ҳам алоқада эканлигини айтди.

Мамлакат канцлери Фридрих Мерц ҳуқуқбузарларни Сурия ва Афғонистонга депортация қилишга ва Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг ташкил этилган қочқинлар дастурларини тўхтатишга ваъда берганди.

БМТнинг Кобулдаги қочқинлар бўйича агентлиги ходими Арафат Жамолнинг айтишича, унинг ташкилоти ҳалигача қочқинларни Афғонистонга «қайтиб келмасликни» тавсия қилади.

«Бошқача қилиб айтганда... ердаги шароитлар қайтишга ҳали тайёр эмас. Биз давлатларни одамларни Афғонистонга мажбуран қайтармасликка чақирамиз», - дейди у.

Германия Афғонистонда 2021 йилда НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳокимият алмашганидан бери Толибон ҳукуматини тан олмади ва Кобул билан расмий дипломатик алоқаларни ҳам давом эттирмайди.

Эслатиб ўтамиз, жума куни Россия Толибон ҳукуматини расман тан олган ва Кобул билан дипломатик алоқалар ўрнатган дунёдаги биринчи давлат бўлди. 

Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий бу ҳаракат бошқа давлатлар учун намуна бўлишига умид билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг