Германияда черков «жодугарлар»ни ўлдиргани учун узр сўради
Германиянинг Айхштет шаҳридаги католик черкови 400 йиллик сукутдан сўнг «жодугарлар»ни ёқиб юборгани учун узр сўради. Бу ҳақда «The Independent» хабар берди.
XV-XVIII асрларда ушбу шаҳарда 400 га яқин одам жодугарликда гумон қилиниб қийноққа солиниб, сўнг ўлдирилган.
Шаҳар архиепископи Грегор Мария Франц Ханке ўша йиллардаги воқеаларни «черков тарихидаги қонли яра» деб атади ва қурбонлар хотирасига ёдгорлик лавҳаларини ўрнатишга ваъда берди.
Европада тахминан 60 минг киши жодугарликда гумон қилиниб, қатл этилган. Шулардан 25 минг нафари ҳозирги Германия ҳудудида ўлдирилган. Қурбонларнинг аксарияти аёллар бўлган, лекин эркаклар ва болалар ҳам четда қолишмаган.
«Жодугар ови» қурбонларини реабилитация қилиш кампанияси Германияда 2011 йилда руҳоний Хартмут Хегелер ташаббуси билан бошланган. Ўшандан бери Германиянинг 50 дан ортиқ шаҳарларида, жумладан, Кёльн ва Лейпцигда ҳокимият жодугарликда айбланиб қатл қилинганларни реабилитация қилди ва уларнинг хотирасига ёдгорликлар ва лавҳалар ўрнатди, ҳатто кўчаларнинг номларини ҳам ўзгартирди.
Хегелернинг маълумотларига кўра, ўша асрларда католик черкови «ислоҳотдан қўрққан, жодугарларни суд қилиш эса унга қарши кураш воситаси ҳисобланган». Мисол учун, католикдан юз ўгирганлар иблис билан тил бириктиришда айбланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter