Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Германиядан Ўзбекистонга хушхабар билан келдим...» — Нильс Аннен

«Германиядан Ўзбекистонга хушхабар билан келдим...» — Нильс Аннен

Нильс Аннен юртимизга сўнгги бор 2018 йил сентябрь ойида келган.

Фото: BPA/Steffen Kugler

Германия Ўзбекистонда турли йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 195 млн евро маблағ ажратиши кутилмоқда.

Бу ҳақда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазири ўринбосари (парламент статс-секретари) Нильс Аннен «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди. Юқори мартабали меҳмон геосиёсий жараёнларнинг Ўзбекистонга таъсири, халқаро санкцияларга доир саволларга ҳам аниқлик киритди.

«Ўзбекистонда расмий музокаралар олиб бормоқдаман. Зеро, коронавирус пандемияси бироз чекинди. Эндиликда ортга боқиб, ишларни сарҳисоб қилиш ва ҳамкорлик борасида янги марраларни забт этиш вақти келди. Мамлакатингизга хушхабар билан келдим: Ўзбекистонга 195 млн евро кўмак таклиф қилинмоқда. Ушбу маблағ қайси йўналишларга сарфланиши борасида ҳозирча бир тўхтамга келинганича йўқ. Аниғи шуки, маблағнинг салмоқли қисми шаҳарсозлик лойиҳаларига йўналтирилади», – дейди Нильс Аннен.

Германия ҳукумати, хусусан, иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги кўмагида юртимизда тиббиётдан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қадар – турли соҳаларда лойиҳалар амалга татбиқ этилмоқда. Масалан, жорий йил 12 август ушбу вазирлик номидан «KfW» банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 45 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредит ва 5,5 миллион евро миқдоридаги грантни молиялаштириш бўйича келишув имзолади.

Вазирлик, шунингдек, 2022-2026 йилларда амалга ошириладиган Марказий Осиёда иқлим ўзгариши хавфларини бошқариш лойиҳаси учун 10 миллион евро кўмак ажратди.

«Мамлакатингиз билан ўн йилликлар давомида яқин ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Айниқса, президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари туфайли Ўзбекистон янада жозибадор давлатга айланди. Жумладан, германиялик сармоядорлар ҳам турли соҳаларга инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон 35 миллиондан зиёд аҳолига, катта табиий бойликларга эга. Мамлакат салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш минтақа учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Биз Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидаги қийинчиликларни енгиш ва янги келажак яратишида кўмакка тайёрмиз», – дейди германиялик арбоб.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг биринчи ярмида, коронавирус пандемияси тарқалиши билан боғлиқ чеклов чораларига қарамай, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошиб, 499,4 миллион долларни ташкил этган. Мамлакатимизда олмон сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони эса 200 дан ошган.

Ноябрь ойи бошида  Ўзбекистонга ташриф буюрган Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок суверенитет ва давлатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи олий қадрият эканини таъкидлаган эди.

Олмон бош дипломати, айни чоқда, Марказий Осиёда Хитой ва Россия таъсирини камайтириш лозимлигига эътибор қаратганди.

Суҳбатдошимиз Нильс Аннен ҳам Москва ва Пекиннинг таъсирини камайтириш қай жиҳатдан муҳим эканига ойдинлик киритди.

«Россиянинг Украинага босқинчилик урушидан кейин Марказий Осиёга бўлган муносабатимиз ўзгарди. Анналена Бербок хонимнинг Россия ва Хитой таъсирини камайтиришга доир фикри ҳам айни пайтда Германияда кечаётган баҳс-мунозараларга ҳамоҳангдир. Албатта, Хитой ва Россия минтақада муҳим фактор бўлиб қолишини тан оламиз. Аммо инфратузилмани яхшилаш каби йўналишларга кўмак орқали муқобил йўл таклиф этиш ниятидамиз», – дейди олмон ҳукумати вакили.

Н.Анненга кўра, Россия босқини ортидан Марказий Осиёда ҳам инфляция ва озиқ-овқат нархи ошиши кузатилди. Бу эса муқобил ҳамкорлик муҳимлигининг яна бир тасдиғидир.

Маълумки, Украина уруши ортидан коллектив Ғарб, жумладан, Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар жорий этди. Кейинги вақтларда хориж матбуотида Россияга эҳтимолий кўмак ортидан Ўзбекистондаги компания ва шахслар ҳам иккиламчи санкцияга тушиши мумкинлиги ҳақида мақолалар эълон қилинди. Германиялик арбоб бу борада ҳам мухтасар мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Санкциялар фақат Россияга, унинг молиявий тузилмаларига, ушбу мамлакатнинг ташкилот ва шахсларига қаратилганини таъкидлашни истардим. Молиявий чоралар Россияга қаттиқ таъсир кўрсатмоқда. Лекин санкциялар бошқа давлатларга салбий таъсир кўрсатмаслиги кўзда тутилган. Шуниси аниқки, дунёдаги ҳозирги иқтисодий инқирознинг бош айбдори – Россиядир. Агар расмий Москва БМТ қадриятлари ва ҳужжатларига содиқлигини исботлай олса, ўз армиясини Украинадан олиб чиқиб кетса, аксар масалалар ечим топади», – дейди у.

Сиёсатчининг таъкидлашича, Ўзбекистон Германиянинг минтақадаги марказий ҳамкорларидан бири бўлиб қолади.

«Инқирозли-синовли дамларда Ўзбекистонга таянсак бўлади. Биз буни Афғонистондаги бир йил олдинги ҳодисаларда кўрдик», – дея хулоса қилади Нильс Аннен. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг