Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Google Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолади

Google Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолади

Ўзбекистонда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган қонунчилик ислоҳотлари мамлакатга глобал технологиялар кириб келиши учун янги имкониятлар очмоқда. Буни Google Pay тўлов тизимининг Ўзбекистонда ишга туширилиши мисолида кўриш мумкин. Google раҳбарияти ҳам мамлакатдаги ўзгаришларни юқори баҳолаб, уларни рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этди.

Googleнинг ривожланаётган бозорлар бўйича давлат органлари билан алоқалар ва давлат сиёсати вице-президенти Дорон Авнининг таъкидлашича, Ўзбекистон шахсий маълумотлар билан ишлаш борасидаги ёндашувини янгилаши орқали халқаро технология компаниялари учун бозорга кириш имкониятларини кенгайтирди.

У LinkedIn ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жорий йил бошида мамлакат шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги тартибларни қайта кўриб чиққанига эътибор қаратган. Хусусан, маълумотларни мажбурий локализация қилишга асосланган қатъий талаблар ўрнига мослашувчан ва халқаро амалиёт билан уйғунлашган ёндашув танланган.

Google вакилининг фикрича, мазкур ўзгаришларнинг амалий самараси узоқ куттирмади. Бунинг яққол мисоли сифатида Google Pay тўлов хизматининг Ўзбекистонда ишга туширилишини келтириш мумкин.

«Ҳукуматлар олдиндан тушунарли ва глобал тизимлар билан ўзаро ишлай оладиган қоидаларни яратса, глобал технологиялар ҳам тез кириб келади», — деб ёзди Дорон Авни.

У Google Payнинг Ўзбекистонда ишга туширилиши АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг мамлакатга ташрифи ҳамда Самарқандда ўтказилган C5+1 вазирлар саммити доирасида эълон қилинганини ҳам алоҳида қайд этди. Буни икки давлатнинг рақамли модернизацияни жадаллаштириш ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий интилишининг ифодаси сифатида баҳолади.

«Ўзбекистон прагматик сиёсат орқали янги имкониятларга йўл очиш мумкинлигини амалда кўрсатмоқда», — дея таъкидлади Google вице-президенти.

Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси жараёнида халқаро компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда.

Жорий йил сентябр ойида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йорк шаҳрида Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган эди.

Учрашувда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилган.

«Биз сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштирдик. Бунинг натижасида Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очилмоқда», — деган эди Президент Администрацияси раҳбари.

Кўрилган чораларнинг муҳим амалий натижаларидан бири эса 27 октябр куни эълон қилинди. Шу куни Google Pay ва Apple Pay тўлов тизимлари Ўзбекистонда тўлақонли ишга туширилгани маълум қилинди.

Бу шунчаки янги тўлов хизматларининг пайдо бўлиши эмас. Унинг замирида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, қонунчиликни халқаро талабларга мослаштириш ва Ўзбекистон бозорининг глобал технологик экотизим билан интеграциясини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар мужассам.

Google раҳбариятининг билдирган муносабати эса ушбу ўзгаришларнинг халқаро технологик компаниялар томонидан ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бугун қонунчиликдаги оқилона ва прагматик ёндашув мамлакатга янги технологияларни жалб этиш, аҳоли учун қулай рақамли хизматларни кўпайтириш ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг