Гўрковни йиғлатган ҳақиқатлар

Ушбу ҳикоя ҳаётга бошқача қарашга ундайди.
Мен гўрковман. Тўғри, эркак учун гўрковлик касб эмас, марҳумнинг абадий уйини қуришни ҳар бир эркак уддалаши керак. Эл орасида, «Бир эркак умри давомида еттита қабр қазиши ва етти бор совчилик қилиб инсонларни қовуштириши керак» деган гап юради. Аммо гўрковлик ва ғассоллик ҳунар сифатида баъзи кишиларнинг тирикчилигига айланган. Шу ҳунари ортидан рўзғор, бола-чақа боқади. Менинг қисматимга ҳам, шу юмуш орқали дунё ҳаётида ризқ топиш тақдир қилинган экан. Албатта, қисматимдан нолимайман.
Шукур қиламан. Бу гапларни шунчаки, ўзимни овутиш ёки алдаш учун айтмаяпман. Йигирма йил аввал бу ишга отамнинг мажбурлаши орқали қўл урган бўлсам-да, йиллар ўтиб касб-коримдан фахрланадиган, ҳаттоки, ҳунаримни табаррук санайдиган бўлдим. Бир зумда ўттиз йил бўлиб қолибди. Ўтган йиллардаги ишим билан боғлиқ воқеалар, ҳолатлар мени улғайтирди. Дунёқарашимни, дунёимни ўзгартирди. Аввалига ота-онам қайси хонадонга совчи бўлиб боришса, «Вой, гулдай қизимни гўрковга бераманми?», «Ўғлингиз оғир касал бўлиб даво топмай гўрковлик қилишга мажбур бўлган экан, қизимизни бермаймиз», «Қачон биров ўладию, мен кўмиб, пулига тирикчилик қиламан, деб одамларга ўлим тилайдиган гўрковга қизимни бераманми?», деган таъналардан мунғайиб қайтдилар. Мен тенгилар уйланиб, узатилиб кетди. Ота-онам қаттиқ қайғура бошлашди. Аммо Аллоҳ ҳар бир мушкулотнинг нажотини ҳам яратган. Қўшни тумандан бир ғассол қизнинг дарагини эшитдик. Ота-онам уй манзилини олиб совчиликка кетишди. Ойдай қиз экану, шу бир «нуқсон»и иши -- ғассоллиги бўлиб, оила қуролмай қолган экан. Насибамиз қўшилиб, бизни фотиҳалаб қўйдилар. Ниҳоят уйландим. Ҳамма қатори йўқчиликни ҳам, тўқчиликни ҳам кўрдик. Ҳамма қатори яшаяпмиз. Бир оиламиз. Инсонлармиз. Худо берган фарзандларимизни тарбиялаяпмиз, ўқитяпмиз. Фақат бизнинг бошқалардан фарқимиз, тириклар билан эмас, марҳумлар билан яхши тил топишамиз. Ўликлар овоз чиқаролмай тирикларга нола қилишини эшитамиз ва инсоннинг туғилиши неъмат, вафоти ҳикмат эканини ўз кўзларимиз билан кўрамиз.
Ўттиз йиллик иш фаолиятимда ҳар хил ҳолатларга, ишониш қийин бўлган воқеаларга дуч келдим. Инсон тириклигида қилган яхши-ёмон амаллари билан ўзининг қиёфасини нафақат нариги дунёда, яъни Қиёматда, балки жон бериш арафасидаёқ кўрсата бошлайди. Кўп ҳолларда, ароқхўр, бузуқ ишларни қилганлар, инсонларга жабр қилганларга қабр ковлашга қийналаман. Ёшлигимда, бундай нарсаларга эътибор беравермасдим, ёшим ўтган сари қабр ковлаш билан боғлиқ ҳолатлардан ҳайратга тушаман, баъзан қўрқиб, касал бўлиб ётиб қолган пайтларим ҳам бўлган.
Ҳеч қачон қабр кавлаётганимда, марҳумнинг яқинлари билан нарх-наво устида савдолашмаганман. Бизнинг ишда бунақаси кетмайди. Қанча беришса ҳам рози бўлиш керак. Йўқ-са, гўрков ўзига ҳам, марҳумга ҳам қийин қилади. Ўн йилмиди, ўн беш йил аввалмиди, хуллас, ёш эдим. Ўқишга кетгани бўйи шаҳарда қолиб кетган ҳамқишлоғимиз вафот этибди. Аллақандай хорижий русумдаги автомашинада келишди ва яхши жойдан қабр қазиб, тайёрлашимни айтишди. Тўғриси, бошида жуда ҳайрон бўлдим. Инсонлар дунёдаги уйини зеб-зийнатлашини, яхши жойлардан танлашини эшитгандиму, лекин охират уйини ҳам танлаши мумкинлигини ўйламаган эканман. Чунки менга устозларим «Қабрни инсон эмас, қабр инсонни танлайди» дея ўгит беришарди. Марҳумнинг ўғлига ҳайрат билан қараб туравердим.
— Зўр жойдан бўлсин ака, айтган пулингизни оласиз. Хоҳласангиз, олдин тўлаб қўяман, деди отасининг вафотидан куйинишидан кўра, шуҳрат қозонишга иштиёқи баланд ўғил. — Фақат жой яхши бўлсин. Бобой тинч ётсинлар дейман-да...
— Яхши жой деганда, сиз нимани назарда тутяпсиз, тушунмадимку-я, лекин қабристонда ёмон жойнинг ўзи бўлмайди. Менга «ҳар ким амали ва феълига яраша қабр билан тақдирланади» деб ўргатишган. Пул масаласига келсак, мен буни айтмайман. Охират уйининг баҳоси бўлмайди. Ризқни бергувчи қанча истаса, шунисига кўниб, рози бўламиз, дедим ғашланганимни яширишга уриниб.
— Энди ака, биз анча-мунча одам эмасмиз-да, отахон ҳам яхшигина «вазн»ли киши...
— Сиз мени тушунмадингиз чоғи? — Биз фақат қабр қазамиз, Аллоҳга марҳумларнинг «вазн»ини тушунтиришга қурбимиз етмайди...
Хуллас «вазн»и катта марҳумнинг ўғли кетди. Мен қабр кавлашга тушдим. Негадир, қўлим ишга бормас, ҳам вужудим, ҳам руҳим тоғдай оғир юкнинг залворидан қийналарди. Биринчи кетмон урган жойимда қабр тайёр бўлиш арафасида сув чиқиб кетди. Табиийки, сув чиққан жойга маййит қўйилмайди. Бунинг устига қаттиқ чарчаганман, кеч тушяпти. Жаноза пешин намозигача ўқилади, деб айтишган. Шогирдларим бир-бирларига маъноли қарай бошлади.
— Бошқа жойдан қабр кавлаймизми?, — деб сўради бири. — Уста, рангингиз оқариб кетган. Соғмисиз?
— Ҳаммаси жойида. Қани бўлинглар, бошқа жойдан кавлаймиз.
Яна қабр кавлашга тушдик. Ўша куни туни билан мойчироқ, фонар ёрдамида марҳумга тўртта қабр кавлаганмиз. Биридан сув чиқса, биридан одам суяклари чиқди. Бир кавлаганимиз балчиқ экан. Охирги кавлаганимиз шунақанги қаттиқ, оғир эдики, ерга кетмон, белкурак ботмасди. Бунинг устига шерикларим билан қаттиқ чарчаганмиз. Қўлларимиз қавариб кетган, елкаларимиз оғриб, ҳолдан тойганмиз.
— Астағфирруллоҳ, — деб мен тилимга чиқаришга андиша қилаётган гапни бошлади шеригим. —Марҳумнинг ортидан гапириш бўлмасин, Аллоҳ гуноҳларини кечсин-ку, бу дейман, раҳматли тириклигида одамларга кўп зулм қилган эканми? Шунча қабр кавлаб бунчалик қийинчилик кўрмагандим. Уста, сиз марҳумни танийсизми? Индамай бош ирғаб қўявердим. Юз-юзга тушиб танишмаган бўлсам-да, орқаваротдан танирдим. Бир пайтлари «Пахта иши», «Ўзбек иши» деган қама-қамалар авж олган пайтда тоғам ҳам қатағонга учраб қамалган эди. Ўшанда, қариндош-уруғимиз тоғамнинг беайблигини исботлаш учун қамоқхона эшиги тагида ойлаб туришган. Биз ақл-ҳушини энди-энди таниган болалар эдик. Воқеаларнинг асл моҳиятини англамасдик. Катталарнинг шивир-шивири, аёлларнинг қарғаб айтиб йиғлаганларидан машъум воқеа рўй берганини билардик, холос. Эшитишимча, ўша пайтлари Москвадан келганлар юртдошларимизни ўзимизнинг элдан чиққан айрим терговчи, прокурорлар орқали қийнаб, тергов қилишар экан. Мен қабрини қийналиб кавлаётган одам ҳам ўша пайтда зўравонларга хизмат қилиб, кўпчиликнинг ёстиғини қуритган, қарғиш олганлардан эди. Буни кейинчалик, катта бўлгач, тоғам қамоқдан ортириб келгани — сил касали билан оғриб вафот этганида эшитган эдим. Қабр кавлаш жараёнида марҳум бир тоғамга эмас, кўпчиликка зулм қилганини тушундим. Ўша куни бир амаллаб қабр кавладик. Навбати билан икки гўрков қабр кавласак, биримиз тиловат қилиб турдик. Аллоҳга астойдил юкуниб, илтижо қилиб ишимизни охирига етказдик.
Охирги кавлаганимиз қабрдан ҳам дарахт илдизлари чиқди. Аммо бошқа чорамиз йўқ эди. Эртаси куни марҳумни олиб келишди. Инсонлар ғалати-да, ҳатто сўнги манзилига ҳам дабдабаю асъаса билан боришни хоҳлайди. Бу дунёда-ку кибр, ғафлат ва такаббурликдан мажбурий «ҳурмат» ундириш мумкин, аммо чин дунёда амал ва феълдан бошқа ҳеч нарса ҳамроҳлик қилолмайди. Марҳумнинг ўғли қабрни кўриб, ғазаб билан менга қаради: «Уста, мен сизни нима деб огоҳлантиргандим?! Бу нимаси, отамизга шундай қабр кавладингизми?»
— Мен ҳам сизни огоҳлантиргандим, ака! Биз фақат қабр кавлаймиз, унинг сифатига аралашолмаймиз. Илтимос, марҳумни кўп озорга қўйманглар-да, сўнгги манзилга кузатинглар. Ҳозир сизу бизнинг баҳсимиз ҳам уларни хижолатга қўйяпти.
— Сиз менга бунақа гапларингизни қилманг! Отамнинг, бизнинг кимлигимизни билмайсизми дейман?!
Ўғил мақомидаги такаббур кимсанинг сўнги жумласига жавобан мийиғимда кулиб қўйдим. Гарчи минг истиҳолаю андиша тилимни куйдириб турган бўлса-да, унга ҳақиқатни айтишга мажбур бўлдим: «Отангиз учун тўртта қабр кавладик. Бу тўртинчиси...»
Йиғилганларнинг боши қуйи эгилди. Оломон ичида, «Э, воҳ», «Астағфируллоҳ!», деган хитоблар шивири бошланди.
— Илтимос, уларни кўп қийнаманг-да, охират уйларига қўйинг...
Ўғил жаноблари нега тўртта қабр кавлаганимизни тушундими, йўқми, буниси менга номаълум. Фақат бу воқеа узоқ вақт одамлар тилидан тушмади. Эсимда, бу воқеа қулоғига етиб отам мендан қаттиқ ранжиб танбеҳ бергандилар: «Ўғлим, бу номаъқул ишни бошқа қайтарма! Марҳумнинг сирини очиш — гуноҳ! Гўрков билан ғассол марҳумнинг сирига маҳрам бўлиши, уни фош қилмаслиги керак. Марҳумни хижолатга қўйиш, уялтириш — гуноҳ. Бу яхши инсоннинг иши эмас. Эҳ аттанг, жуда нобоп иш қилибсан...
Шу бўлдию, бундай воқеаларни одамлар орасида тилга олмайдиган бўлдим. Аммо баъзан ўйланиб қоламан, балки, қабр ва ўлим билан боғлиқ ҳақиқатларни инсонларга айтиш билан уларни ёмонликдан, зулм ва ноҳақликдан қайтариш мақбул эмасми? Ахир инсонликнинг ҳикматини англамай юрганлар, тирикликнинг неъмат эканини унутаёзганларга сабоқ бўлармиди? Мен гапиряпману, тўғри ё хато қилаётганимни дуруст англолмаяпман. Нима бўлганда ҳам хайрли йўлда, ҳақ йўлда бўлганим рост бўлсин...
Умида АДИЗОВА
Манба: Азон.уз
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter