Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гулнора Каримова уй қамоғидан умумий режимдаги колонияга ўтказилди – Бош прокуратура

Гулнора Каримова уй қамоғидан умумий режимдаги колонияга ўтказилди – Бош прокуратура

Фото: «lenta.ru»

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 1972 йилда туғилган Гулнора Каримова Исломовна 2017 йилнинг 18 декабрь куни 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, дейилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабарида.

Инсонпарварлик тамойиллари ва маҳкумнинг жиноий йўл билан орттирилган пул маблағлари ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятидан келиб чиққан ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 1 июлдаги ажримига мувофиқ, Г. Каримованинг жазоси 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Озодликни чеклаш жазоси маҳкум Г. Каримованинг хоҳишига кўра унинг қизи Иман Каримованинг яшаш жойи бўйича тайинланган. Бунда маҳкум Г. Каримовага қонунчиликда белгиланган қатор чекловларга, жумладан, турар-жойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик, шунингдек, зарарни қоплаш талаби қўйилган.

Г. Каримовага агар озодликни чеклаш жазосини ўташни қўпол равишда бузиш, шунингдек, суд томонидан унга юклатилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган қисмини бошқа жазо турларига алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.

Аммо, Г. Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан белгиланган чекловларни тизимли равишда бузиб, мажбуриятларини бажармай келди.

Масалан, 2018 йилнинг 22 ноябрь куни Г. Каримова тураржойни ўзбошимчалик билан тарк этган ва шу муносабат билан тартибни ва жазони ўташ шартларини бузишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган.

Огоҳлантиришга қарамасдан, Г. Каримова ўзига тегишли хулосалар чиқармасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қўпол равишда бузишда давом этди. Жумладан, бир неча марта алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланган, жиноят иши бўйича ўрнатилган етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган.

Ички ишлар вазирлиги Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тақдимномаси асосида жазони ўташ талаби ва шартларини қўпол равишда бузганлиги сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Г. Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг қолган қисмини жиноят-ижро қонунчилигига мувофиқ умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова «Instagram» тармоғида уларнинг Тошкентдаги квартирасига прокуратура ходимлари кириб, онасини номаълум томонга олиб кетгани ҳақида ёзганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг