Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳалол фуқаро». Тўқаев таклиф қилган янги концепциянинг моҳияти нимада?

«Ҳалол фуқаро». Тўқаев таклиф қилган янги концепциянинг моҳияти нимада?

Қозоғистонда «Ҳалол фуқаро – ҳалол меҳнат – ҳалол даромад» концепцияси амалга татбиқ этилмоқда. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев давлатнинг ваколатли идоралари ўз фаолиятини ушбу ғояга уйғун ҳолда олиб бориши борасида топшириқ берган. 

«Ҳалол фуқаро – ҳалол меҳнат – ҳалол даромад» («Адал адам – Адал еңбек – Адал табыс») концепцияси Қ.Тўқаев томонидан Миллий қурултойнинг жорий йил 15 март куни бўлиб ўтган учинчи машваратида илгари сурилган.

«Чинакам илғор мамлакат бўлиш учун иқтисодий масалаларни ечишнинг ўзи етарли эмас. Биз барча жиҳатларни инобатга олган ҳаракат қилишимиз, нафақат ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий жабҳада ҳам мақсад-мўлжалларни аниқлашимиз керак», – деган Қозоғистон президенти. 

Сиёсий етакчига кўра, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод «Ҳалол фуқаро» концепциясида ифодаланган фазилатларга эга бўлиши лозим.

«Ҳалол фуқаро» бу – энг яхши фазилатларга эга, сидқидилдан меҳнат қилиб, муносиб ютуққа эришадиган, ҳалоллик ва одилликни барча нарсадан устун деб биладиган инсондир. Мутараққий миллатлар сафига қўшилиш учун барча фуқароларимиз дунёқарашини ўзгартиришимиз ва жамоатчилик онгу тафаккурига янги қадриятларни сингдиришимиз керак.  Агар ҳар биримиз «Ҳалол фуқаро» концепцияси идеалларига содиқ бўлсак, шубҳасиз одил жамият қурамиз», – деган у.

Қ.Тўқаев аввалроқ Янги Қозоғистонни барпо этиш режасини эълон қилган эди. «Ҳалол фуқаро» ғояси ушбу стратегиянинг мантиқий давоми деб баҳоланмоқда. Оқўрда раҳбарияти илгари сурган сиёсий ислоҳотлар қаторида давлат бошқарувини янада демократлаштириш ҳамда коррупцияга қарши муросасиз кураш вазифалари ҳам мавжуд.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг