«Ҳамзанинг моллари ҳокимият сари интилмоқда...» – ҳокимлик вазиятга муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда «Чорасиз чорвадор молларини ҳокимиятга ҳайдаб борди» сарлавҳали видеомурожаат тарқалиб, унда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Ғузор қудуқ чорва» фермер хўжалиги раиси Ҳамза Тоштемиров чорва фермер хўжалигида ер майдони мавжуд эмаслиги ва озуқа маҳсулотлари етишмовчилиги ҳақида мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан Ғузор тумани ҳокимлиги ўз муносабатини билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур фермер хўжалиги 2020 йилда «Халқ банки»нинг Ғузор филиалидан ажратилган 1 млрд. 877 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағи эвазига Германиядан 67 бош зотли (Абердин Ангус) қорамолларни сотиб олган.
Ўз навбатида ушбу фермер хўжалигига 67,7 гектар, шундан 42,7 гектар суғориладиган ва 25 гектар лалми ер майдонлари қонунда белгиланган тартибда туман ҳокими қарори ва аукцион баённомалари орқали ажратиб берилган.
Бундан ташқари, фермер хўжалиги раиси Ҳ.Тоштемиров томонидан тумандаги М.Рахмонов ҳудудидаги 189қ, 191 ва 339-сонли контурлардаги жами 43,1 гектар суғориладиган ер майдонларидан узоқ вақт ҳужжатсиз фойдаланиб келинмоқда.
Мазкур ер майдонини фермер хўжаликка ажратиб бериш ҳақидаги оғзаки мурожаатига жавобан Ҳ.Тоштемировга қонун талаблари, яъни аукцион савдолари орқали олиш тартиби тушунтирилган.
Қолаверса, шу кунга қадар ҳокимлик томонидан мазкур фермер хўжалигига турли кўмаклар бериб келинган.
«Аммо шунга қарамасдан, жорий йилнинг 3 октябрь куни фуқаро Ҳ.Тоштемиров жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзига тегишли чорва молларини банк ҳовлисига олиб келган», – дейилади ҳокимлик муносабатида.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судида кўрилиб, суднинг шу кундаги қарорига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, фермер хўжалиги раиси Ҳ.Тоштемиров бугунги кунда тижорат банкларидан кредит тўловларини тўлаш муддатини узайтиришни ва кредит учун фоиз тўловларини ҳисобланишини тўхтатишни талаб қилаётган бўлиб, унинг мазкур талаблари қонунийлиги ва уни ижобий ҳал этиш масаласи ваколатли банклар томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter