Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Ҳар мактабга 100 китоб” ёҳуд Бекобод тажрибаси ҳақида

“Ҳар мактабга 100 китоб” ёҳуд Бекобод тажрибаси ҳақида

Сўконғич, ғўддайган, пора билан қўлга тушган, ҳатто давлатнинг мактаби ерларини пуллаган ҳокимлар ҳақида эшитганмиз. Лекин бир тумандаги ҳар бир мактабга юзтадан китоб ҳадя қилган, китобхонликни чинакам байрамга айлантирган раҳбарларни ҳар доим ҳам учратавермаймиз.

Бекободдаги воқелик эса шу кунларда ижтимоий тармоқларни хушхабарларга тўлдира бошлади. “Долзарб 90 кун” доирасидаги китоб тақдимотлари, ҳар бир мактабга 100 тадан китоб тарқатиш ташаббуси, шоир ва ёзувчиларнинг турли мактаблардаги ижодий учрашувлари анъанавий адабий муҳитнинг қайта уйғонишидек тасаввур пайдо қилди.

Бу ишлар кўзга кўринмасдек туюлса-да, қалбни уйғотувчи юксак ҳаракатлардир.

Маънавий кўприк

Бекобод туманидаги ташаббус нимаси билан ибратли? Унда креативлик бор, илм-фанга, адабиётга муҳаббат бор. Шунинг учун ҳам адабиёт намояндалари Тошкент вилоятининг узоқ бир туманига чорланди, китоблар дастхатлар билан тарқатилди.

Машҳур адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошнинг “Китоб тарқатилиши — яхшилик аломати”, деб таъкидлаганида ҳам кенг маъно бор. Бу аломат тумандаги ўзгаришларда, аҳолининг кайфиятида кўринади.

Бекобод ўзгаряпти. Йўллар созланяпти, симёғочлар янгиланяпти, кўприклар қуриляпти, янги шаҳар лойиҳалари бошланяпти, темир йўл келяпти... Лекин, наздимизда, туманда барпо этилаётган энг катта кўприк — маънавий кўприкдир. Шу маънода, китоб тарқатиш ортида теран ғоя бор: мактабга, хонадонларга китоб кирса — шу маҳаллага нур киради, китоб кўпайтирилса — зулматдан чиқиш осонлашади.

Дарё устида кўприк қурилиши жисман яқинлашиш бўлса, китоб билан юракларни боғлаш руҳан яқинликдир.

Келажак учун сарфланган сармоя

Бугун бир раҳбар китоб тарқатяпти. Эртага бошқаси нега ундан ўрнак олмасин?! Ахир раҳбар фақат ижрочи бўлмаслиги керак. У уйғотувчи, руҳият етакчиси бўлмоғи ҳам зарур. Унинг ҳар бир ҳаракати одамлар кайфиятига таъсир қилса, ҳар бир сўзи маънавий қувват бахш этса, айнан шундай раҳбар халқнинг дуосига, миллатнинг фахрига айланади.

Президент Шавкат Мирзиёев шундай деган эди: “Битта китоб ўқийдиган бола, ўнта телевизор кўрадиган болани эргаштиради”. Бу ҳаётнинг синалган ҳақиқати. Бугун Бекободда ана шундай ўқувчилар кўпая бошлади. Бунинг заминида фақатгина “100 китоб” эмас, балки ўша китобни қадрлаётган жамият ва ташаббускорлар турибди.

Бекободда биз гувоҳи бўлган янгича бир руҳ, янги бир сиёсий маданият мамлакатимизда ҳақиқий маънавий Ренессанс бошланаётганидан дарак беради. Бундай креатив ташаббуслар бутун бир жамиятни ўрнидан турғазиши мумкин. Ахир китоб учун сарфланган ҳар бир сўм, унинг тарғиботи учун ажратилган ҳар бир сония элнинг келажагига қўйилган улкан инвестициядир. Энди бундай ташаббусларни бутун республикада давом эттириш ҳар бир раҳбар, зиёли ва ота-оналарнинг вазифасига айланмоғи зарур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг