Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳиндистон – Марказий Осиё» саммити: Шавкат Мирзиёев қатор таклифларни илгари сурди

«Ҳиндистон – Марказий Осиё» саммити: Шавкат Мирзиёев қатор таклифларни илгари сурди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни видеоанжуман шаклида ўтган «Ҳиндистон – Марказий Осиё» биринчи саммитида иштирок этди.

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашдилар.

Етакчилар минтақа мамлакатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқининг аввалида ушбу учрашувнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган янги кун тартибини шакллантиришдаги аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Бунга мамлакат ва халқларимизни боғлаб турган чуқур тарихий илдизлар ишончли замин бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, минг йиллар мобайнида минтақамиз ва Ҳиндистон халқлари ўртасида фаол гуманитар алмашинувлар ва савдо алоқалари мавжуд бўлган, уларнинг маданияти, анъаналари ва маънавий қадриятлари бир-бирини бойитиб келган.

Давлатимиз раҳбари «Ҳиндистон – Марказий Осиё» форматидаги амалий ҳамкорликни илгари суришнинг стратегик устувор йўналишларини белгилаб, бу борада аниқ таклифларни илгари сурди.

Биринчи устувор йўналиш сифатида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш, Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини жорий қилиш орқали инсон капиталини ривожлантириш белгилаб олинди.

Бунга мисол тариқасида кейинги йилларда мамлакатимизда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан биргаликда замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этилгани кўрсатиб ўтилди. Айни пайтда, Ҳиндистоннинг етакчи тиббий университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари қошида бундай клиникалар тармоғи янада кенгайтирилади.

Президентимиз фармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олишни жадаллаштириш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурларини бошлаш, анъанавий тиббиёт усулларини кенг жорий қилиш ташаббусларини билдирди. Уларни илгари суриш мақсадида ҳар йили қўшма Соғлиқни сақлаш форумини ўтказиб бориш таклиф қилинди.

Юртимиз таълим соҳасида Ҳиндистоннинг учта йирик олий таълим муассасалари муваффақиятли фаолият юритмоқда, халқаро мактаблар очиш дастурлари амалга оширилмоқда, Ҳиндистоннинг тилларни ўқитиш методикаси жорий қилинмоқда.

Ўзбекистон етакчиси янги университетлар ва профессионал таълим марказларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни йўлга қўйиш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Ахборот технологиялари соҳасидаги шерикликнинг кенг истиқболлари алоҳида қайд этилди. Рақамлаштириш соҳасида жаҳоннинг пешқадамларидан бири ҳисобланган Ҳиндистон мамлакатимиз IT тармоғи ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Рақамли, молиявий ва блокчейн технологияларини ривожлантириш, киберхавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш борасида, шу жумладан мавжуд платформалар негизида ҳамкорлик қилишнинг минтақавий дастурини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Иккинчи энг муҳим стратегик устувор йўналиш сифатида давлатимиз раҳбари иқтисодий шерикликни кенгайтиришни таклиф этди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш қарийб икки баробарга ортди, қўшма корхоналар сони 400 тага етди. Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, Андижон вилоятининг Гужарат штати билан кооперацияси муваффақиятли ривожланмоқда.

Тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестициялар ва савдо соҳасида янги ўсиш нуқталарини аниқлаш мақсадида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» ишбилармонлар кенгаши фаолиятига жадал суръат бағишлаш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқалари самарадорлигини ошириш ва замонавий инфратузилма яратиш масалаларининг устувор аҳамиятини қайд этди.

«Қуруқ» портлар тармоғини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, юк ташишда чегирма ва имтиёзли тарифлар тақдим этиш, божхона тартиботларини соддалаштириш мақсадида транспорт вазирларининг кўп томонлама учрашувлари механизмини йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Энергетик самарадорлик ва «яшил» тараққиёт соҳаларида Ҳиндистоннинг илғор тажрибасини ва кооперация истиқболларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги минтақавий ҳамкорлик масалаларини келгуси йилнинг сентябрь ойида Оролбўйида ўтказиладиган халқаро форумда муҳокама қилиш таклифи илгари сурилди.

Маданий-гуманитар соҳа учинчи устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Музейлараро ҳамкорлик, кўргазма ва анжуманлар ташкил этиш, қўлёзма фондларини рақамлаштириш ва виртуал кутубхона яратиш, умумий тарихий-археологик меросни тадқиқ этишни назарда тутадиган қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан минтақа мамлакатларида ҳинд маданияти ва киноси фестивалларини ўтказиш таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга алоҳида тўхталди. Ушбу мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўймаслик, йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга кўмаклашиш чораларини кўриш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси Бош вазир Нарендра Моди ва дўст Ҳиндистон халқини Республика куни ва мамлакат мустақиллигининг бўлажак 75 йиллиги билан табриклади.

Бошқа делегациялар раҳбарлари ҳам ўз нутқларида шериклик муносабатлари ва минтақавий ҳамкорликни, энг аввало, савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва туризм соҳаларида кенгайтириш учун катта имкониятлар борлигини қайд этдилар.

Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар баён қилинган Деҳли декларацияси қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг