Ҳиндистон номаълум муддатга «AstraZeneca» вакцинасини экспорт қилишни тўхтатди
Ҳиндистон «AstraZeneca» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирус вакцинасини экспорт қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида маълум қилинган. COVAX дастури бўйича ҳозирги кунда 180 давлат ушбу вакцинани етказиб беришларини кутаётган эди.
Маълум қилинишича, мамлакатнинг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг CОVAX дастури бўйича камбағал мамлакатларга коронавирусга қарши вакциналар етказиб беришни ўз ичига олган таъминотга таъсир қилиши мумкин.
«Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш кўрсаткичи яна ошгани боис «AstraZeneca» вакцинасини экспорт қилишни тўхтатди. Бу билан ҳукумат, биринчи навбатда, маҳаллий аҳолини коронавирусга қарши эмлашга кўпроқ эътибор қаратмоқчи. Аммо бу — вақтинчалик чора», — дейилади хабарда.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 1 апрель санасидан бошлаб мамлакатдаги 45 ёшдан катталарни биринчилардан бўлиб эмлаш кераклигини таъкидлаган. Шу жумладан, бошқа мамлакатларда ҳам шу ёшдаги аҳолини тез суратларда эмлаш кераклиги ҳақида тавсиялар берилган.
Ҳозирга қадар CОVAX дастури Ҳиндистондан 17,7 миллион доза «AstraZeneca» вакцинасини олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter