Ҳиндистонлик талабаларга Чирчиқдаги тиббиёт университети филиалига бормаслик тавсия қилинди

Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси маҳаллий абитуриентларни Марказий Америкада жойлашган Белиз давлатидаги учта университет ва Ўзбекистондаги битта тиббиёт университети филиалида таҳсил олмасликлари ҳақида огоҳлантирди.
Улар қуйидагилар:
- Марказий Америка соғлиқни сақлаш ва фанлар университети, Белиз;
- Колумбия Марказий университети, Белиз;
- Вашингтон соғлиқни сақлаш ва фанлар университети, Белиз;
- Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали, Ўзбекистон.
Огоҳлантириш Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё бўлими ушбу муассасалар тиббий таълим бўйича Ҳиндистон томони талаб қиладиган стандартларга жавоб бермаётганидан жиддий хавотир билдирганидан кейин эълон қилинди.
Қайд этилишича, ушбу муассасалар Ҳиндистоннинг тиббий таълим стандартларига жавоб бермайди, аниқроғи уларда зарур академик ва клиник стандартлар йўқ.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларида зарур инфратузилма йўқлиги, талабалардан ҳаддан ортиқ тўловлар олиниши, ўқув шароити ва таълим сифати борасида ёлғон маълумотлар берилгани айтилмоқда. Бундан ташқари, улардан ортиқча тўловлар ундирилган ва курсни тарк этгандан кейин пулни қайтариш рад этилган.
Юқоридагиларни хавотирларни ҳисобга олган ҳолда, талабаларга ушбу муассасаларга киришдан тийилиш қатъиян тавсия этилган.
Таъкидланишича, чет элда тиббиёт бўйича ўқиётган ҳиндистонликлар Хорижий тиббиёт битирувчиси лицензиати қоидаларига қатъий риоя қилиши зарур. Акс ҳолда Ҳиндистонда тиббиёт билан шуғулланиш учун рўйхатдан ўтишни рад этишга олиб келиши мумкин.
Манба: newindianexpress.com
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter