Ҳоким чорва билан шуғулланмайдими?
Юртимиз ҳақида гап кетса, «тупроғига чўп суқсанг кўкаради» деб таъриф беришади. Ҳақ гап. Минг шукр, жаннатмонанд заминда яшаймиз. Еримиз унумдор, тоғларимизда қор мўл, деярли ҳар қадамда дарё ва ариқлар оқиб турибди. Дунёда ақалли биттагина сой оқмайдиган ўлкалар борлигини бир эсланг.
Мен Тошкент вилоятининг Бўка туманига кўп марта борганман. Деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик билан шуғулланиш учун бундай қулай жойни топиш қийин бўлса керак. Йил-ўн икки ой Бўканинг унумдор далаларида Оҳангарон тоғларидан майин шамол эсиб туради. Ариқларидан ёзнинг чилласида ҳам сув аримайди.
Шундай шароитга эга туман аллақачон гуллаб-яшнаб кетган бўлсак керак, деб ўйлашингиз табиий. Афсуски, ундай эмас. Бўкада ҳам асосан ғалла ва пахта экилади. Ҳосилдорлик кўрсаткичи ҳам ҳавас қиларли даражада баланд эмас.
Боғдорчилик деярли ривожланмаган. Чорвачилик жар ёқасига келиб қолган. Яхшиям, аҳоли уйида мол-ҳол боқиб, туман бозорларини гўшт-сут билан таъминлаб турибди. Лекин туман мутасаддилари уларни қўллаб-қувватлаш, ем-хашак билан таъминлаш борасида айтарли бош қотирмагани ҳеч кимга сир эмас.
Шундай суви мўл туманда балиқчилик соҳасини ривожлантиришга эътибор қаратилмагани кечириб бўлмайдиган ҳолдир.
Кўпчилик яхши билади, Бўка тумани ўзининг мазали паловхонтўраси билан машҳур. Бўкалик ошпазларнинг маҳоратига гап йўқ, эплабдими, ҳалоли бўлсин. Лекин менга қолса, бу туман ўзининг мазали балиқлари билан, парранда гўштидан тайёрланган анвойи таомлари билан ҳам ном қозонишини истардим. Айтдим-ку, Бўкада бунинг учун ҳамма шароит бор деб.
Яқинда Бўка тумани ҳокими Бектемир Ибрагимовнинг ишдан олинишига ҳам туманда чорвачилик соҳасини ривожлантиришда йўл қўйган камчиликлари, бу борадаги эътиборсизлик ва лоқайдлиги асосий сабаб бўлди. Бу бошқа ҳокимлар учун ҳам сабоқ бўлиши керак. Чунки кейинги пайтларда баъзи ҳокимлар чорвачиликни фермер билан оддий халқнинг елкасига ташлаб қўйиб, бу соҳани деярли унутиб қўйган эди.
Жойларда чорвачиликни ривожлантириш энг аввало ҳокимларнинг вазифасидир. Улар қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва асаларичилик соҳаларини ривожлантириш орқали халқимизнинг дастурхонини тўкин, бозорларимизни обод қилиш ва энг муҳими, қанчадан-қанча қўшимча иш ўринлари яратиш мумкинлигини яхши англаши керак.
Холид Асроров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter