Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

"Ҳоким ёрдамчилари"га нима бўлаяпти?

Пешку туманида ҳоким ёрдамчисининг  

пора билан ушланиши жиддий сигнал 

 

Ижтимоий тармоқларда кунора тарқалаётган хабарларни ўқир эканмиз, ҳар ўн-ўн бешта жиноятдан бири салкам "ҳоким ёрдамчилари" ва уларнинг пора билан қўлга олинаётгани билан боғлиқ.  

Куни кеча Бухоро вилояти, Пешку туманида истиқомат қилувчи тадбиркор ўз маҳалласида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан тегишли органларга расмий мурожаат билан чиққани ва унинг ортидан ҳоким ёрдамчисининг қўлга олингани муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Ҳолатга кўра, Пешку тумани ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаати йўлида фойдаланган. У ҳокимият захирасидаги 7 сотих ер майдонини «К-савдо» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 6.000 АҚШ доллари талаб қилган. Бу жараёнда у ерни электрон аукцион орқали «расмийлаштириб бераман», деган ваъда билан ҳаракат қилган. 

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича,  аниқланган фактлар бўйича ушбу мансабдор шахс таъмагирлик йўли билан пулини учинчи шахс орқали олган вақтида, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида қўлга олинган. 

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (таъмагирлик билан пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоқка олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

            Савол туғилади: нега "ҳоким ёрдамчилари" халқ ишончига хиёнат қилишмоқда? Нега 2-3 йилдан буён пора билан қўлга олинаётган "ҳоким ёрдамчилари" ва "мансабдорлар"нинг сафи ортмоқда https://xabar.uz/g9zs, https://xabar.uz/i48xhttps://xabar.uz/lu9g https://xabar.uz/163o 

 Аслида, «Маҳаллабай» ишлаш тизими доирасида жойларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари аҳолининг турмуш шароитини ўрганиш, ишсизликни камайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифаларни бажариши керак. Аммо, афсуски, айрим ҳолларда бу тузилмалар коррупцияга ботган «янгича» мансабдорлар синфига айланиб бормоқда.  

Халқ билан давлат ўртасидаги «тилмоч» сифатида ишга қабул қилинган айрим ҳоким ёрдамчиларининг бу ишончли вазифани суиистеъмол қилиб, уни шахсий бойлик орттириш воситасига айлантиришаётгани ачинарли. Бу, нафақат, жиноят, балки, жамият манфаатларига ҳам қарши чиқишдан бошқа нарсамас. 

- Нима учун бундай ҳолатлар содир бўлаяпти? Бу назоратнинг етишмаслиги оқибатидир. Ҳоким ёрдамчилари устидан самарали назорат механизмининг йўқлиги, уларнинг ҳаракатлари жамоатчиликка ёки ОАВга етарлича очиқ эмаслиги бу каби ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, айрим мансабдорлар ҳануз давр ўзгарганини англаб етмаган. Улар давлат хизматига хизмат эмас, имтиёз сифатида қарайди. Унинг илдизига болта уриш вақти аллақачон етган. Ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги эса мансабдорлар ўртасидаги суистеъмолликларни камайтиришга эмас, оширишга хизмат қилаётгандек. Етмаганига, бугун пора билан қўлга олинган мансабдор – содир этган жиноятининг берилган «муддати»ни ўтаб-ўтамай, эртага бошқа бир мансаб курсисини тўлдирмоқда, - дейди журналист ҳамкасбларимиздан бири. 

Демак, бугунги кун ҳар бир ҳоким ёрдамчисининг фаолиятини очиқ ва шаффоф мониторинг қилиш, жиноятга алоқадор мансабдорларга нисбатан қатъий жазо чораларини қўллаш орқали профилактика кучайтирилиши лозим.  Зеро, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг назоратини кучайтириш — очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим омилдир. 

Агар ҳоким ёрдамчилари халқ муаммосини ҳал қилиш ўрнига, уларни савдо объекти сифатида кўра бошласа, у ҳолда «маҳаллабай» тизимнинг ҳақиқий моҳиятини йўққа чиқаради. Бундай ҳолатлар мутасадди ташкилотлар томонидан кескин баҳоланиши ва бартараф этилиши шарт. 

Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини билиши, мансабдор эса ўз жавобгарлигини унутмаслиги зарур, назаримизда. 

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг