Кескинлик давом этади: ҳусийлар Saudi Aramco объекти ва ҳарбий авиабазага ҳужум қилди
Иллюстратив фото
Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши айтиладиган Яманнинг Ансор Аллоҳ (ҳусийлар) ҳаракати Янбу шаҳридаги Saudi Aramco объекти ва Хамис Мушайт авиабазасига баллистик ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари билан зарбалар берилгани ҳақида хабар қилди. Бу ҳақда ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сариянинг X ижтимоий тармоқ аккаунтида чоп этилган баёнотида айтилган.
Сария Саудия Арабистони Яманда 450 дан ортиқ ҳаво ҳужумларини амалга оширганини даъво қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, ҳусийлар Янбу шаҳридаги Saudi Aramco объектига кўп сонли баллистик ракеталар ва дронлар ёрдамида ҳужум қилишган. Ҳарбий вакил объектга тўғридан-тўғри зарба берилганини, Хамис Мушайт авиабазасига эса бир қатор ракета зарбалари амалга оширилганини таъкидлади.
Ҳусийлар Саудия Арабистонининг ички ҳудудларига ҳужум қилишда давом этадилар ва "блокада эвазига блокада ва ҳужум эвазига ҳужум" билан жавоб беришади, деб ваъда берди Сария. Айни пайтда, Саудия Арабистони ҳусийларнинг ҳужумлар ҳақидаги даъволарига ҳали изоҳ бермади.
Кун аввалида ҳусийлар ҳарбий вакили Саудия Арабистонининг F-15 қирувчи самолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берган эди.
Ямандаги можаро
Ямандаги можаронинг яна авж олиши, ердаги кучлар мувозанатида сезиларли ўзгаришларга олиб келди.
Бутун Ҳодейда вилояти устидан назоратни ўрнатгандан сўнг, ҳусийлар ғарбга, Таиз вилоятига қараб юришди ва Қизил денгиз соҳилидаги шаҳарларни, жумладан, Мохани, шунингдек, Баб эл-Мандеб бўғозига чиқишни таъминлайдиган йўлларни назоратга олишди.
Моха шаҳридан кейин ҳусийларнинг Ҳаниш архипелаги, Майун оролини ва Баб эл-Мандеб бўғози яқинидаги Зубаб минтақасини эгаллаб олиши можаро зонасидаги вазиятни сезиларли даражада ўзгартирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter