Иккиламчи автомобил бозорида савдо пасайди – ИТИМ
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига кўра, 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонда барча турдаги автотранспорт воситалари савдоси 88,2 минг донани ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга камдир.
Шу билан бирга, йил бошидан буён мамлакатда жами 348,5 мингта автотранспорт воситаси сотилган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 4,1 фоизга юқори бўлган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди — 11,8 фоиз. Шунингдек, Фарғона вилоятида ўсиш 11 фоизни, Самарқанд вилоятида эса 10,9 фоизни ташкил қилди.
Апрел ойида янги енгил автомобиллар савдоси 24,9 минг донани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 3,6 фоизга камайган.
Бироқ маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобилларга талаб ошган. Хусусан, апрел ойида қарийб 21,3 мингта маҳаллий енгил автомобил сотилган ва бу ўтган йилга нисбатан 4 фоизга кўп бўлган.
Марказ шарҳида қайд этилишича, бозордаги пасайиш асосан хорижий автомобиллар савдосининг қисқариши билан боғлиқ. Апрел ойида янги хорижий автомобиллар савдоси 3,6 минг дона атрофида бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоиздан ортиққа камайган.
Иккиламчи бозорда ҳам пасайиш кузатилган. Фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 43,7 минг донани ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 15 фоиздан ортиққа кам ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter