Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илоннинг боши қаерда: жазо, бефарқлик ва болани ҳимоя қилиш...

Илоннинг боши қаерда: жазо, бефарқлик ва болани ҳимоя қилиш...

Фото: Сунъий интеллект

Яқинда беш ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган қабоҳат ҳақидаги хабар бутун мамлакатни ларзага солди.

Ижтимоий тармоқ ва маҳалла фаоллари билдирган муносабатлар жавобсиз қолмади, жиноят иши қўзғатилди, гумонланувчи ушланди, тергов устидан назоратни Бош прокурор шахсан ўз зиммасига олди. Президент Администрацияси раҳбари жиноятчи қонундаги энг оғир жазога тортилишини, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жавоб беришини маълум қилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги барча давлат боғчалари ходимларини текширишга киришди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қизалоқ ва унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилишини, уй-жой ва реабилитация билан таъминланишини, онасига ўқиш ва ишга жойлашишда кўмак берилишини, зарур бўлса, фамилиясини ўзгартиришга ҳам ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Бағри тилка-пора бўлган она ва ҳали ўзини таниб улгурмаган мурғак учун бу янги ҳаёт бошлаш имкониятидир.

Қонун нимани ўзгартирди?

Наманган воқеаси жамиятда анчадан бери етилиб келаётган саволни кескин кўндаланг қўйди. 2026 йил 30 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2 октябрда Сенат томонидан маъқулланган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун 14 октябрда Президент томонидан имзоланди. Ҳужжат бешта кодекс ва олтита қонунга ўзгартириш киритади. Унинг муқаддимасида Ўзбекистоннинг Богота ҳаракатлар чақириғига қўшилгани, Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга аъзо бўлгани ва 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқлангани қайд этилган.

Жиноят кодексидаги ўзгаришлар энг кўп муҳокама қилинмоқда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш (118-модда тўртинчи қисми) ва шундай болага нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модда тўртинчи қисми) учун жазо ўн беш йилдан йигирма беш йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш этиб белгиланди. Вояга етмаганларга қарши бундай жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддати қўлланилмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазони енгиллаштириш истисно этилди.

Бироқ қонуннинг қиммати фақат жазо муддатларида эмас. Жиноят-процессуал кодексига кўра, жинсий зўравонликка оид ишларда вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳга давлат ҳисобидан адвокат бириктирилади. Жиноят ота-она ёки яқин қариндош томонидан содир этилган бўлса, барча процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирок этади. Бола билан гумонланувчини юзлаштириш фақат алоҳида қарор асосида ўтказилади. Меҳнат кодексига болага нисбатан зўравонлик учун жавобгарликка тортилган таълим ходими билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асоси киритилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс эса болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулотини тайёрлаш ва тарқатиш учун янги 189.3-модда билан тўлдирилди. Бу охирги норма мавзуимиз учун айниқса муҳим, унга яна қайтамиз.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қонуннинг руҳини қисқа ва аниқ ифодалади: «Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт... Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас».

Жазонинг оғирлиги ва муқаррарлиги

Бундан икки ярим аср олдин италиялик ҳуқуқшунос Чезаре Беккариа «Жиноятлар ва жазолар ҳақида» асарида жиноятни тўхтатадиган нарса жазонинг шафқатсизлиги эмас, балки унинг муқаррарлиги эканини ёзган эди. Мўътадил, лекин албатта келадиган жазо оғир, аммо қочиб қутулиш мумкин бўлган жазодан кўра кучлироқ таъсир қилади. Янги қонуннинг энг теран жиҳати ҳам шу ерда. Йигирма беш йил ёки умрбод қамоқ ҳақидаги хабар жамиятнинг адолатга бўлган ташналигини қондиради. Лекин жавобгарликка тортиш муддатининг бекор қилиниши, енгиллаштирувчи ҳолатларнинг инобатга олинмаслиги жиноятчига «йиллар ўтса, унутилади» деган умид қолдирмайди. Бу энди жазонинг муқаррарлигидир.

Шу билан бирга, ҳар қандай жазо жиноят содир бўлганидан кейин ишга тушади. У содир бўлган қабоҳатга жавоб беради, лекин бола аллақачон жароҳатланган бўлади. Очиқ айтиш керак, ҳозирча биз илоннинг думини кесяпмиз. Ҳар бир фожиадан кейин жазо кучаяди, жамият бир-икки ҳафта ларзада юради, кейин ҳаёт ўз изига тушади ва навбатдаги хабаргача ҳамма нарса унутилади. Думи кесилган илон эса ўлмайди, у инига кириб, фурсат пойлайди. Илоннинг бошини янчмагунча бу айланма давом этаверади.

Муаммонинг илдизи қаерда?

Афсуслар бўлсинки, болаларга нисбатан зўравонлик ҳақидаги хабарларнинг оммавий ахборот воситаларида тез-тез ёритилаётгани, ижтимоий тармоқларда бундай хабарлар кун сайин кўпайиб бораётгани дилни хира қилади. Лекин ундан ҳам ташвишлироқ ҳолат бор. Ижтимоий тармоқларда зўравонликка оид сериаллар, саҳналаштирилган видеолар ва «ҳаётий ҳикоялар» тобора кўпаймоқда. Ахборот маконида маълум ҳақиқат бор. Бундай контентнинг томошабини яхши, тарбиявий контентга қараганда бир неча баробар кўп. Алгоритм эса кўп кўрилган нарсани яна кўпроқ одамга етказади.

Америкалик тадқиқотчи Жорж Гербнер ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ «культивация назарияси»ни илгари сурган эди. Унга кўра, экрандан узоқ вақт давомида такрор-такрор кўрилган манзаралар инсоннинг воқеликни қандай тасаввур қилишини секин-аста ўзгартиради. Альберт Бандура тажрибалари эса болалар кўрган хатти-ҳаракатни, айниқса, у жазосиз қолган бўлса, тақлид орқали ўзлаштиришини исботлаган. Психологияда бу жараён десенсибилизация, яъни сезувчанликнинг пасайиши деб аталади. Бир марта эшитилган даҳшатли хабар юракни ларзага солади. Ўнинчи марта эшитилганда эса у шунчаки «яна бир хабар»га айланади. Кишида қабоҳатга нисбатан оғриқ ҳисси ўтмаслашади, у одатий ҳолдек туюла бошлайди.

Криминологлар Жеймс Уилсон ва Жорж Келлинг 1982 йилда «синган деразалар» назариясини таклиф этган эди. Агар бинодаги битта синган ойна вақтида алмаштирилмаса, кўп ўтмай қолган деразалар ҳам синдирилади. Чунки атрофдагилар «бу ерда ҳеч кимга фарқи йўқ» деган хулосага келади. Ахборот муҳитида ҳам худди шундай. Номус, оила, қариндошлик каби муқаддас тушунчаларни ҳазил, томоша ёки «хайп» манбаига айлантирувчи ҳар бир видео маънавий деворимиздаги битта синган ойнадир. Янги қонундаги 189.3-модда шу деразаларни ёпишга қаратилган ҳуқуқий қадамдир. Аммо очиқ тан олишимиз керак. Бу контентни биз ўзимиз кўрамиз, «лайк» босамиз, тарқатамиз. Демак, муаммо фақат кимдир бизга уни тиқиштираётганида эмас, муаммо ўзимизда ҳам бор.

Профилактика маънавий иммунитетдан бошланади

Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг шарафини танимаган киши биздан эмас», деганлар. Бу ҳадисда кичикларга раҳм-шафқат биринчи ўринда тилга олингани бежиз эмас. Нельсон Манделанинг «Жамиятнинг қалбини унинг болаларига муносабатидан ҳам аниқроқ кўрсатадиган нарса йўқ» деган фикри ҳам худди шу ҳақиқатни бошқа бир маданият тилида такрорлайди. Илоннинг бошини янчиш ана шу маънавий заминдан бошланади. Бу борада бир неча амалий йўналишни алоҳида таъкидлаш мумкин. Масалан, Наманган воқеасида гумонланувчи тарбиячи эмас, боғчанинг омбор мудири экани маълум бўлди. Демак, болалар билан бир ҳудудда ишлайдиган ҳар бир ходим, у қоровул бўладими, ошпаз ёки омборчими, тарбиячи каби синчковлик билан текширилиши лозим.

Яна бир эътиборга олиниши керак бўлган жиҳат, бу болага ўз танасининг дахлсизлигини ўргатиш. Бола ёшига мос тилда «яхши ва ёмон тегиниш», «ҳеч ким сенга ота-онангдан сир сақлашни буюра олмайди» каби оддий қоидаларни билиши керак. Зўравонлик кўпинча бола қўрққани ёки нима бўлганини тушунмагани учун узоқ вақт яширин қолади.

Бизда азалдан «боланинг бегонаси бўлмайди» дейилади. Айнан маҳалла, қўни-қўшни, мактаб ва боғча жамоаси боланинг хулқидаги кескин ўзгаришни сезиши ва бефарқ қолмаслиги лозим. Янги қонун бу йўлни ҳам очиб берди. Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳақида мурожаат қилган шахс ўзига жавоб хати юборилмаслигини сўраши мумкин. Бу оила ичидаги зўравонлик ҳақида хабар бераётган қўшни ёки қариндошни ортиқча хавфдан асрайди.

Зўравонлик ҳақида ёритилаёганда ОАВ бўладими, блогер бўладими ахборот маданияти ва медиа этикасига амал қилиши шарт. Журналист ва блогер бундай воқеаларни ёритганда жабрдийданинг шахсини, яшаш жойини, тафсилотларни ошкор қилмаслиги, ҳар бир хабарни «томоша» эмас, «огоҳлантириш» тарзида бериши керак.

Зўравонлик қурбони бўлган жабрдийдага узоқ муддатли кўмак берилиши ҳам жуда муҳим.  

***

Янги қонун ҳуқуқий бўшлиқларни ёпди. Жиноятчи энди на муддат ўтишига, на енгиллаштирувчи ҳолатларга, на шартли ҳукмга умид боғлай олади. Бу илоннинг думини эмас, ҳеч бўлмаганда танасини кесадиган қадам. Лекин илоннинг боши бошқа жойда. У бефарқликда, «менга нима» деган сукутда, қабоҳатга кўникиб борувчи кўзларимизда, кўп кўрилгани учун тарқалаётган контентларда. Уни ҳеч бир кодекс моддаси ёлғиз ўзи янча олмайди. Буни фақат «боланинг бегонаси бўлмайди» деган азалий ҳикматни яна ҳаётимиз қоидасига айлантирган жамият уддалай олади.

Нигора Ҳусанова,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг