Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси қонун билан мустаҳкамланади

Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси қонун билан мустаҳкамланади

Фото: «Senat.uz»

Бугун, 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, унинг мазмун-моҳиятини масъуллар иштирокида муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, илгари юртимизда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмаслиги оқибатида кўпчилик бемор юртдошларимиз хорижий мамлакатларда катта маблағ эвазига даволанар эди. Ҳатто айримлари бевақт вафот этарди.

Эътиборлиси, сўнги йилларда мазкур соҳада олиб борилган ислоҳотлар мамлакатимизда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайрасини кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйишга имконият яратди. Натижада бугунги кунгача юртимизда 700 дан ортиқ ана шундай операция муваффақиятли бажарилди.

Республикамизда 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азоб чекса, уларнинг 500 нафари, яъни 10 фоизи жигар трансплантацияси амалиётига муҳтож. Бугунги кунга қадар мамлакатимизда жами 10 та жигар трансплантацияси амалга оширилди.

Истиқболда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини йилига 250 тага етказиш, жигар трансплантациясини эса йилига 50 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, юрак трансплантациясини жорий этиш ва йилига 50 та амалиёт ҳамда ўпка трансплантациясини йўлга қўйиш ва йилига 30 та амалиётни бажариш назарда тутилган.

Тадбирда сўзга чиққан сенаторлар инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда катта маблағ ва вақт сарфламасдан Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш мумкинлигига урғу бердилар. Шунингдек, инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмаслиги, шу боис, мазкур қонун лойиҳасида аниқ тартиблар белгилаб берилаётганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар депутатларига қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини аҳоли ҳамда кенг жамоатчилик орасида тушунтириш, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни умумлаштирган ҳолда тақдим этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Шунингдек, давра суҳбатида ана шундай жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган юртдошларимиз бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда уларга қулайликлар яратилишида муҳим ҳужжат бўлишини таъкидладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг