Инсон мияси неча ёшда етуклик чўққисига чиқиши маълум бўлди
Инсон мияси ривожланишининг ёшлик босқичи 32 ёшгача давом этади. Бу борада тадқиқот ўтказган Кембриж университети олимлари Nature Communications журналида мақола чоп этишди.
Олимларнинг таъкидлашича, инсон ҳаёти давомида унинг мияси бешта асосий босқичдан ўтади.
Тадқиқотчилар диффузион магнит-резонанс томография ёрдамида 3 802 кишининг миясини таҳлил қилишди. Бу усул сув молекулаларининг миядаги ҳаракатини кузатиш орқали нейрон алоқаларини ўрганиш имконини беради. Натижалар шуни кўрсатдики, мия ҳаёт давомида қайта созланади, баъзи алоқаларни кучайтиради ва бошқаларини заифлаштиради, бу жараёнда чекинишлар ҳам кузатилади.
Миянинг болалик босқичи туғилгандан 9 ёшгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу босқичда мия ҳажми тез ўсади, гўдаклик даврида ҳосил бўлган синапслар сони камаяди.
Кейинги босқич 32 ёшгача давом этади. У оқ модданинг ўсиши, нейрон тармоқлар фаолияти оптималлашиши ва когнитив қобилиятлар ошиши билан тавсифланади. Бу вақтда руҳий бузилишлар пайдо бўлиши хавфи ортади. 32 ёшдан кейин мия чин маънода улғаяди. Нейрон тузилмаси барқарорлашади, инсон интеллектуал ривожланишда ўз «платоси»га эришади.
Тахминан 66 ёшдан нейрон тармоқларининг янги ташкилий схемалари билан боғлиқ эрта қариш бошланади. Бу даврга келиб мия касалликлари хавфи ортади. Кеч қариш даври чамаси 83 ёшдан бошланади, бу пайтда эътибор мия глобал боғлиқликдан маҳаллий боғлиқликка ўтади ва унинг алоҳида қисмларига юклама ошади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter