Ислом дунёси Исроилдаги АҚШ элчисининг иддаоларига жавоб қайтарди
Такер Карлсон ва Майк Ҳакаби.
АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакабининг «яҳудий давлатининг Яқин Шарқдаги ҳудудларга ҳуқуқи» ҳақидаги сўзлари ислом дунёсида кескин норозиликка сабаб бўлди (журналист Такер Карлсон билан суҳбатда элчи бу иддаони илгари сурганди — таҳр.)
Шу муносабат билан 14 та араб ва ислом мамлакати, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши қўшма баёнотини эълон қилди, деб хабар берди Саудия Арабистонининг «Al Arabiya» телеканали.

Ушбу жамоавий эътирозга Саудия Арабистони, Иордания, БАА, Қатар, Индонезия, Покистон, Миср, Туркия, Сурия, Фаластин, Қувайт, Ливан, Уммон ва Баҳрайн ташқи ишлар вазирликлари қўшилган.
Баёнотда таъкидланишича, АҚШ элчисининг сўзлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид бўлиб, минтақадаги вазиятни янада кескинлаштириши ва Фаластин-Исроил низосини тинч йўл билан ҳал этиш имкониятларига путур етказиши мумкин. Мусулмон давлатлари ва халқаро ташкилотлар бундай чиқишларни Исроилнинг босиб олинган ҳудудлардаги ноқонуний ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш деб баҳоламоқдалар.
Ҳужжатда АҚШ маъмуриятидан халқаро резолюцияларга амал қилиш ва минтақада адолатли тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилувчи баёнотлардан тийилиш талаб қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter