Исроил АҚШга Туркия борасида сўров йўллади

Туркиянинг F-35 учоқларига эга бўлиши Исроилнинг ҳарбий устунлигига чек қўйиши мумкин.
Исроил ҳукуматининг юқори мартабали мулозими АҚШ Конгрессидан Туркияга F-35 қирувчи учоқларини сотишни ман этишни сўради. Тель-Авивга кўра, Анқаранинг минтақавий сиёсати истиқболда Исроил давлати хавфсизлигига таҳдид туғдиради.
Исроил мулозими Breitbart News нашрига интервьюсида АҚШнинг F-35 учоқлари яқинда Эронга қарши олиб борилган 12 кунлик урушда муҳим роль ўйнаганини таъкидлаган.
Яҳудий давлати маъмурияти фикрича, Туркиянинг бундай замонавий ҳарбий учоқларга эга бўлиши минтақада беқарорлик келтириб чиқади. Исроил ҳукуматини Туркиянинг “Усмонийлар давлатининг қайта туғилиши” ҳақидаги баёнотлари хавотирга солаётгани айтилмоқда.
Исроил мулозими яқин муддатда Туркия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув эҳтимоли камлиги, аммо келажакда шундай ихтилоф рўй бериши мумкинлигини қайд этган.
Туркия 2019 йилда Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сотиб олиши ортидан АҚШ томонидан F-35 дастуридан четлатилган эди. Бу қарорни адолатсиз деб атаган Туркия ҳукумати ушбу масалада АҚШ билан музокаралар олиб бораётгани маълум. Хусусан, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон июль ойида бошида F-35 олди-сотдиси масаласида ҳамкасби Доналд Трамп билан гаплашгани, Трамп ўз ваколат муддати якунига қадар Туркияга ушбу русумдаги қирувчи учоқларни етказиб беришига умид қилишини айтганди.
АҚШнинг Анқарадаги элчиси Том Барак ҳам Туркиянинг F-35 дастурига қайтишини истисно этмаган.
Сўнгги вақтларда Туркия ва Исроил ўртасида дипломатик таранглик кучаймоқда.
Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида амалга ошираётган қонли урушни Туркия раҳбарияти кескин танқид қилиб келмоқда. Эронга уюштирилган ҳужумни ҳам Туркия қаттиқ қоралади.
Ғазода тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошиб бориши фонида Анқара ва Тель-Авив дипломатик зиддияти ортмоқда.
Ҳатто Исроилнинг кейинги ҳарбий нишони Туркия бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар муҳокама этилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги вақтларда Туркиянинг Яқин Шарқдаги нуфузи ошиб бораётгани Исроилга ёқмаётир. Жорий йил апрель ойида Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трампга Сурияда Туркиянинг таъсири ошиб бораётганидан шикоят қилгани ва Анқарага босим ўтказишни сўрагани маълум. Аммо ўша гал Трамп Нетаняҳунинг раъйини қайтарган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter