Исроил Исфаҳондаги ЮНЕСКО объектларига зарар етказди
Эрон матбуоти ва гувоҳларнинг хабарларига кўра, Исфаҳондаги тарихий обидалар Исроилнинг ҳаво ҳужумидан талофат кўрди.
Хусусан, вилоят ҳокимлиги биносига берилган зарба тўлқини унинг яқинида жойлашган Сафавийлар даврига оид Чеҳел сутун («Қирқ устун») саройигача етиб келган. Оқибатда XVII асрга оид фрескалари (деворий расмлари), акс этувчи ҳовузи ва тарихий заллари билан машҳур бўлган сарой мажмуасининг бир қисмига зарар етган. Саройнинг деразалари синиб, деворий нақшлари ва шифтлари талофат кўрган.
Шунингдек, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Сафавийлар даври майдони — Нақши жаҳон ҳудудидаги объектлар, жумладан, Оли Қопу саройи ва бир нечта тарихий масжидлар шикастлангани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги ва маданий мерос расмийлари воқеани инсоният меросига қарши жиноят деб атади.
ЮНЕСКО ҳам ушбу ҳолатдан хавотир билдириб, маданий ёдгорликларни ҳарбий ҳаракатлар пайтида ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.



Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter