Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил хусийларга тегишли объектларга ҳаво зарбаси берди

Исроил хусийларга тегишли объектларга ҳаво зарбаси берди

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яманда хусийлар назоратидаги бир қатор объектларга кенг кўламли ҳужум уюштирди. ЦАХАЛ маълумотича, пойтахт Сана шаҳрида президент саройи яқинидаги ҳарбий иншоот, шунингдек, хусийларни таъминлашда қўлланилган электр станцияси ва ёқилғи омбори нишонга олинган.

Исроил армияси бу зарбаларни хусийларнинг сўнгги ракета ҳужумларига жавоб сифатида амалга оширганини билдирди. 22 август куни хусийлар биринчи марта кассетали снарядлардан фойдаланган, аммо Исроил ҳаво мудофаа тизими уларни тутиб қолгани айтилганди.

Исроил матбуотига кўра, операцияда ўндан ортиқ қирувчи самолёт иштирок этган ва улар ҳавода ёқилғи билан таъминлаб турилган. Хусийлар назоратидаги «Ал-Масира» телеканали электр станцияси ва ёқилғи омборига зарба берилганини тасдиқлади. «Ал-Жазира» эса олти киши ҳалок бўлгани, 86 нафар одам яраланганини хабар қилди, бироқ бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан ҳали текширилмаган.

Маълумот учун, 2023 йил кузида Ғазо секторида уруш бошланганидан бери хусийлар Исроилга ракета ва дронлар билан доимий ҳужум қилиб келмоқда. Улар ўз ҳаракатларини ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш сифатида изоҳлайди. Исроил эса ўз навбатида Ямандаги хусийларнинг ҳарбий инфратузилмасига зарбалар бериб келмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг