IT Парк ҳудудида Рақамли технологиялар халқаро маркази очилади
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 1 феврал куни «Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-25-сон Фармони қабул қилинди.
Мамлакатимизда рақамли технологиялар бозорининг инвестиция жозибадорлигини ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, рақамли технологиялар соҳасидаги корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш ва уларнинг халқаро бозорлар билан интеграциялашувини кенгайтириш мақсадида:
Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–300-сон қарори билан IT соҳада хизматлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга, яратилган иш ўринлари сонини 100 мингтага етказиш, IT Паркда хорижий компаниялар учун янада қулай шароитлар яратиш ва уларнинг ваколатхоналари сонини 1 000 тага етказиш вазифаси белгиланган.
Фармонга мувофиқ, IT Парк ҳудудида рақамли технологиялар соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун қулай шароитларга эга бўлган махсус ҳудуд сифатида Рақамли технологиялар халқаро маркази (International Digital Technology Center – ENTERPRISE UZBEKISTAN) ташкил этилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб 5 йилгача бўлган муддатга Марказда хорижий компаниялар учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий режим эксперимент тариқасида жорий қилинади.
Марказ ҳудудида эксперимент тариқасида қуйидаги соҳаларда махсус ҳуқуқий режим жорий этилади:
- рақамли технологиялар соҳасида инновациялар, хизматлар ва бизнес маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш бўйича «тартибга солиш қумдони»ни жорий этиш;
- божхона ва солиққа тортиш;
- меҳнат муносабатлари;
- молия ва банк фаолияти;
- шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш;
- давлат хизматларини кўрсатиш;
- интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
- тижорат ва фуқаролик низоларини кўриб чиқиш белгиланди.
Бунда, Рақамли технологиялар вазирлиги махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter