ЖЧ-2026 саралаши. Кимлар чиқди, кимлар учун кураш олдинда...

Кеча Осиё қитъасида ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичи ўйинлари якунига етди.
А гуруҳи
Муддатидан аввал мундиал масаласини ҳал қилган Ўзбекистон Қатарни тор-мор қилди (3:0), ЖЧ финал босқичига чиқиш имконияти қолмаган Қирғизистон БАА билан дуранг ўйнади (1:1), Эрон КХДРни йирик ҳисобда енгиб (3:0), гуруҳда биринчи ўринни эгаллади.
B гуруҳи
Жанубий Корея ва Иордания тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиб бўлганди. Сўнгги тур олдидан фақат 3-4-ўрин учун Ироқ, Ўмон ва Фаластин даъвогар эди.
Ироқ Иорданияни енгди, Фаластин ва Ўмон ўртасидаги кураш эса чинакам жангга айланди. Фаластинни фақат ғалаба қониқтирарди, дурангга эришган Ўмон тўртинчи ўринни сақлаб қолиши мумкин эди.
Фаластинликлар иккинчи бўлим бошида ҳисобни очганди, аммо ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқа тугаётганида мезбонлар дарвозасига пеналти белгиланди ва гол урилди — фаластинликлар гуруҳда қолиб кетишди.
C гуруҳи
Фақат Япония бу гуруҳда сўнгги тур олдидан тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиб бўлганди. Иккинчи ўриндаги Австралия ва учинчи ўриндаги Саудия Арабистони ўртасида уч очколик фарқ сақланиб қолганди ва сўнгги турда саудияликлар ўзаро ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозониб (амалда уддалаб бўлмас масала, чунки тўплар нисбатидаги фарқ жуда катта эди), иккинчи кўтарилиши мумкин эди. Аммо Саудия ўз майдонидаги ўйинда ютқазиб қўйди (1:2) ва ўтиш босқичида анча тер тўкишига тўғри келади.
Осиёдаги уч гуруҳдан ЖЧ-2026га тўғридан-тўғри чиққан терма жамоалар: Япония, Эрон, Ўзбекистон, Иордания, Жанубий Корея ва Австралия.
Олти жамоа плей-оффда қатнашади: БАА, Қатар, Ироқ, Ўмон, Саудия Арабистони ва Индонезия.
Бу жамоалар 3 тадан 2 та гуруҳга бўлинади. Ўйинлар марказлашган ҳолда ўтказилади. Гуруҳда 1-ўринни олганлари ЖЧ-2026га чиқади.
Иккинчи ўринни олганлар ўзаро курашади, улар ўртасидаги ғолиб қитъалараро плей-оффда яна битта йўлланма учун уриниб кўради.
Охирги босқичлардаги шунча ўйин, асаббузарликларни тасаввур қилишнинг ўзи оғир. Бу сафар терма жамоамиз бизни шунча азобдан халос қилди, Ўзбекистон чиндан-да катта сакраш қилди! Мундиал муборак!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter