Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззах шаҳрига кириш ва чиқиш тўхтатилди

Жиззах шаҳрига кириш ва чиқиш тўхтатилди

Жиззах вилояти ҳокими қарор билан вилоят ҳудудига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш сабаб Жиззах шаҳрига 2020 йил 28 март кунидан бошлаб кириш ва чиқиш тўхтатилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан Жиззах шаҳрига кириш чиқишни назорат қилиш учун қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постлар ташкил этади.

Жиззах шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.

Ташкил этилган йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постларини пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчовчи) ва ўтишга рухсат этилган автотранспорт воситаларини мажбурий равишда дезинфекция қилинади.

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Истиқлол” ва “Ўрда” экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилиб, фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши таъқиқланади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиб, тартибнинг амал қилиш даврида қуйидагилар киради:

- Бошқа ҳудудлардан Жиззах шаҳрига кириш ва чиқиш, шунингдек шаҳар ичида ҳаракатланувчи автобус, микроавтобус воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилади, енгил автомобилларнинг ҳаракати қисман чекланади;

- Жиззах шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, бошқа туманларда доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Жиззах шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат ва хусусий автомашиналарида ёки автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар асосида бошқариши мумкин бўлган автотарнспорт воситаларини белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади;

- биринчи босқичда Жиззах шаҳридаги “Марказий деҳқон” ҳамда “Эски шаҳар деҳқон” бозорлари, савдо мажмуалари (супермаркет, минимаркет ва бошқалар) кириш чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланади;

- Жиззах шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади;

- давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш, уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар “онлайн” режимга ўтказилади;

- идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилади.

- шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, Давлат солиқ бошқармаси раҳбарлари деҳқон ва мол бозорлари маъмурияти томонидан бозорларнинг кириш-чиқиш жойларига тегишли мутахассислар билан фуқароларнинг тана ҳараротини масофадан ўлчовчи пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминласин, акс ҳолда фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслигини қатъий назоратга олинади.

- савдо ва бошқа ташкилотлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва унинг қуйи бўлимлари билан шартномалар тузиш йўли билан дезинфекция воситалари билан таъминлаш устидан назорат ўрнатилади;

- жойлардаги деҳқон ва мол бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти ҳамда Жиззах шаҳридаги озиқ-овқат махсулотлари савдоси билан шуғулланувчи муассасалар ва дорихоналардан ташқари барча тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтатилади. 

- вилоят давлат солиқ бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси вилоят ҳудудидан ўтувчи М39-магистрал йўлининг ёқасида жойлашган барча савдо шаҳобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойларининг фаолиятини карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг