Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жон Кехо мўъжизаси: орзу, мия ва пуллар

Жон Кехо мўъжизаси: орзу, мия ва пуллар

Канадалик ёзувчи Жон Кехо инсон миясини ўрганиш ва англаш учун уч йил давомида ўрмонда яшаган. У турли илмий ва диний манбалардан жамлаган маълумотлари, шунингдек, ўзининг кузатув ва тажрибаларига таяниб, мия имконияти ҳамда салоҳиятини муваффақиятли ривожлантиришга оид махсус дастур ишлаб чиққан. Шундан сўнг мазкур тамойиллар асосида одамларга таълим бера бошлаган. Жон Кехо тингловчиларда ички ишонч пайдо қилиш ва янгича қарашлар уйғотиш борасида натижаларга эришди. Қуйида унинг асаридан айрим парчаларни келтирамиз ва улар сиз учун фойдадан холи бўлмайди.

Сизга халақит бераётган одам

Мен инсонга фикрлаш орқали яхши ёки ночор яшашдек танлаш ҳуқуқининг берилганини энг адолатли ёндашув деб ўйлайман. Ҳар кимда танлаш  ҳуқуқи бор экан, одам фақат ва фақат ўзидан ўпкалаши керак. Дейлик, сиз омадли бўлмоқчисиз! Демак, сизга фақат муваффақиятни кўра оладиган онг керак. Бой одамнинг мияси ва кайфияти ҳамиша тўқчилик ва фаровонлик ҳақидаги фикрлар билан банд бўлади. У бошқача фикрлай олмайди.

«Бу одамга мазза-да! – дейишингиз мумкин. – Омади чопгандан кейин ўйлаши ҳам, орзу қилиши ҳам осон. Менинг аҳволим эса ачинарли: омад кулиб боқмайди, доим нимагадир муҳтожман. Мавжуд шарт-шароит мени сиқиб қўйган».

ҒИРТ БЕМАЪНИ, БЎЛМАҒУР ГАП! Сизга ҳеч қандай шарт-шароит ёки бирорта шахс халақит бераётгани йўқ. Йўлингиздаги ягона ғов, бу – фақат фикрларингиздир. Тўғри фикрлаш тарзини ўзлаштириш учун озгина ҳафсала ва тажрибани ишга солсангиз, олам гулистон! Ишонинг, агар сиз фикрларингизни ўзгартирсангиз, атроф-муҳитингиз ўзгаради. Янгича фикрлаш сиздан бир қадам олдинда юриши шарт.

Сиз ҳаётдан нималарни истайсиз – ана шуни билиб олинг! Бойликними? Агар шундай бўлса, беҳбудлик, фаровонликни кўзлайдиган фикрлаш усулидан фойдаланинг. Унутманг, дунёда ҳамма нарса имконият тариқасида берилади.

Инсон ўзининг ўтмиши ва бугунги шароитига қарамай, онгини керакли йўналишда ишлата олса, у, албатта, мақсадига етади. Бу имконият ҳар биримизга берилган. Ундан фойдаланиш  учун  бой  ёки  иқтидорли  бўлиш  шарт  эмас. Сиздан  фақат  қатъият  ҳамда  маълум  вақт  талаб  қилинади, холос! Қолганини онг бажаради.

Онг махсус парваришни талаб қилади. Сиз боғбонсиз ва бу боғни обод қилиш ёки қаровсиз қолдириш ўз ихтиёрингизда. Унутманг, қилган меҳнатингиз ёки  лоқайдлигингиз «ҳосили»ини, албатта, оласиз.

Сизни ўраб  турган  воқеълик,  бу – фикрларингиз маҳсулидир. Тафаккурингизни ўз манфаатингизга ишлатишингиз ёки уни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, муваффақиятсиз одам бўлиб юришингиз мумкин. Унутманг, ҳаётингиз ўз тасаввурингиздан бошланади. Бу гапнинг моҳиятини тушуниш унча қийин эмас. Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал у ҳақда ўйлаб, қандай амалга ошириш йўлларини хаёлан пишитиб оласиз.

Тасаввурга бой Шварценеггер

– Муваффақиятларимнинг ҳаммаси миямда, – дейди машҳур актёр, кино юлдузи, йирик тадбиркор ва спортчи Арнольд Шварценегер. – Мен кичик ёшимдан ўзимнинг ҳозирги даражага эришишимни орзу қилганман. Бугунги муваффақиятим, шон-шуҳрат ва бойликка эга бўлишим мумкинлигидан ҳеч қачон шубҳаланмаганман. Миянинг имконияти – ҳақиқатда мўъжиза. Дунё миқёсидаги нуфузли мусобақада иштирок этишимдан олдин бир неча минг марта ўзимни ғолиб сифатида тасаввур қилганман. Кейин бу орзум ушалди. Кино соҳасида ҳам худди шундай. Ўзимни иқтидорли ва кўп пул топадиган актёр деб ўйлардим. Омадим келишини тасаввур қилиб, ундан лаззатланардим.

1976–1982 йилларда фристайл бўйича Европа кубогини қўлга киритган жамоа аъзоси Крис Полайн шундай дейди:

– Биз машғулотлардан  ташқари мия кучидан самарали фойдаланиш мақсадида руҳшунослар билан ҳамкорлик қилганмиз. Машқлардан кейин медитация ҳолатида масофани хаёлан қайтадан босиб ўтардик. Машғулотларимизга қанчалик жиддий ёндашсак, бу ишга ҳам шу даражада диққат-эътиборимизни қаратардик. Спортдаги муваффақият кўп жиҳатдан бажарадиган машқни олдиндан аниқ тасаввур қилишга боғлиқ.

Крис Полай нафақат олтита нишон соҳиби, балки тадбиркорлик ва спорт бўйича компания раҳбари бўлди.

Браян Эдвард суғурта билан шуғулланади. У ҳар куни ухлашдан олдин эртанги музокараларни хаёлан тасаввур қилади. Эдвард ўзини одамшаванда ва мижозларни шартнома тузишга осонгина кўндирадиган ходим деб хаёл қилади. Ушбу машқни уйқудан олдин ва уйғонгач, беш дақиқа давомида бажаради. Натижа аъло: у ҳамкасблари ярим йилда ҳам сотиб улгурмаган суғурта полисларини бир кунда пуллаб юборган.

Юқорида ўз олдига уч хил мақсад қўйган кишиларнинг бир хил усулдан фойдаланганига гувоҳ бўлдингиз.

Визуал кўриш, бу – хаёлан тасаввур қилиш, репетиция, ўзини олдиндан шу ҳолатга тайёрлашдир. Одам ўзи интилаётган муваффақият эгаси, вазиятнинг ғолиби деб тасаввур  қилсагина кўзлаган натижага эриша олади.

Айтайлик, сиз дадил, мардонавор бўлишни истайсиз. Тасаввурингизда қатъий, собит инсон тимсолини яратинг. Иккиланмай ва мустақил равишда қарор қабул қилаётганингизни, исталган одам билан гаплашаётганингизни тез-тез машқ қилинг. Жаҳлингизни чиқарадиган ёки ўзингизни ноқулай ҳис этадиган вазиятлардан ҳазил-мутойиба билан чиқиб кетаётганингизни кўз олдингизда гавдалантиринг. Дўстларингиз сиздаги ижобий ўзгаришни мақтаётгани ва аъло кайфиятда юрганингизни қанча кўп ўйласангиз, истакларингиз шунчалик тез амалга ошади.

Муваффақиятга етакловчи машқлар

  1. Нимага эришмоқчи бўлаётганингизни яхшилаб аниқланг: имтиҳондан ўтиш, лавозимингиз кўтарилиши, пул топиш ва ҳоказо...
  2. Ўзингизни бўш қўйиб, бир неча дақиқа мобайнида танангиз ва руҳингизга дам беринг.
  3. 5-10 дақиқа давомида истагингиз амалга ошаётганини тасаввур қилинг.

Мақсадингизнинг рўёбга чиқиш эҳтимоли ҳақида эмас, балки у бевосита амалга ошгани тўғрисида ўйланг. Тасаввурингизни орзу эмас, рўё-ҳақиқат сифатида қабул қилинг. Миянгизда қисқа метражли видеофильм яратиб, унда бош қаҳрамон бўлинг. Бу хаёлотдан бошқа нарса эмаслигини билсангиз ҳам, тасаввур мақсадингизнинг андазаси эканини унутманг. Ана шу манзара сизга куч ва ишонч берадиган ягона манбадир.

Тасаввурингизни ишлатишдан чўчиманг. Бу жараёнда ўзингизга етишмаётган барча ноёб, яхши хислатларни мавжуд деб ўйлашингиз лозим. Хаёлий тимсол ҳаётий бўлиши учун унга иқтидор, қатъият ва матонат ҳадя этинг. Сиз ажойиб фильм томоша қилгандек бўласиз.

Тасаввури кучли одамлар ҳар қандай вазиятни ипидан-игнасигача кўз олдига келтиришади. Айримлар эса мақсадини умумий манзара кўринишида тасаввур қилади. Ҳар иккала усул ҳам самарали бўлиши учун бир кунда беш дақиқа вақтингизни  аяманг.

Аниқ тасаввур. Мақсадингиз рўёбга чиқишини олдиндан босқичма-босқич тарзда режалаштиринг ва шу режа асосида «фильм»да роль ижро этинг.

Эркин тасаввур. Ниятингиз амалга ошгунча фикрлар, тимсолларнинг алмашиниши, эркин ҳаракатланишига имкон беринг.

Ушбу икки усулнинг самара бериши машқларни такрорлашингизга боғлиқ. Кўп кишилар илк марта тасаввурларини ишлатишга қийналади. Ҳаммасини ақл билан ўлчашга ўрганганимиз боис дастлаб исталган ҳолатни гавдалантириш қийиндек туюлади. «Фильм»ингиз илк уринишданоқ тугалланган бўлиши шарт эмас. Тўхтовсиз ўз устида ишлаган одамгина тасаввур қобилиятининг чексизлигини англаб етади. Манаман деган режиссёр ҳам сиз яратган фильмдек табиий ва ишонарли кино ярата олмайди.

Унутманг, бир-икки марта машқ қилиш билан иш битмайди. Ниятингиз ўз онгингизга мустаҳкам муҳрланиши учун ҳафталар, ойлар керак. Мабодо шубҳа туғилгудек бўлса (бу аниқ), унга эътибор қилманг. Қўрқув ва хавотир – ўз-ўзидан пайдо бўлиб, йўқолиб кетадиган туйғу. Машқни давом эттираверинг.

  1. Ниятингиз ҳозир, мана шу дақиқада амалга ошаётгандек, «бу ишлар айнан мен билан рўй беряпти», деб ўйланг. Ўзингизни тутишингиз, овозингиз ва юз ифодаларингизни тасаввур этиб ролга киринг.
  2. Мақсадингизни кунига камида  бир  марта  кўз  олдингизга  келтиринг. Ҳар куни машқ қилинг. Такрорлаш – муваффақият  гаровидир.

Ўқиш учун юборилган пул

Миянгизга маҳкам ўрнашиб қолган ҳар қандай фикр ҳаётингизга таъсир қилади.

Камина шу ўринда руҳшунос Алан Ричардсоннинг тажрибасини мисол тариқасида келтиришни лозим топдим. Талабаларнинг баскетбол  жамоасини уч гуруҳга бўлиш асносида махсус тадқиқот ўтказилган. Биринчи гуруҳ ўйинчилари машғулотларга ҳар куни қатнаган. Иккинчи гуруҳдагилар ҳеч нима билан шуғулланмаган. Учинчи гуруҳдагилар эса машғулотга қатнамай, гўёки тасаввурларида ўйинга тайёргарлик кўриб, машқ бажарган: улар ўзларини ҳар куни ярим соатдан рақиб тўрига копток киритаётган, рақибларни алдаб ўтаётган, йирик ҳисобда ғалаба қозонаётгандек тасаввур қилишган.

Бир ойдан сўнг учала гуруҳдаги ўзгаришлар текширувдан ўтказилганда, биринчи  гуруҳдагилар натижани 24 фоизга яхшилашди. Иккинчи гуруҳдагилар натижани умуман ўнглай олмаган. Учинчи гуруҳ иштирокчиларининг натижаси эса биринчи гуруҳники билан бир хил бўлиб чиқди.

Ижодий тасаввурдан шиддатлироқ куч йўқ. Тўғри қилинган тасаввур инсоннинг энг муҳим қобилиятидир. Орзу қилиб, унга етишга ишонишда давом этинг, мақсадингизга элтадиган йўл ва усул, шубҳасиз, топилади.

Лос Анжелесда туғилган актриса Кэрол Бернетни бувиси вояга етказган. Нафақа пули  билан учма-уч яшайдиган бу оила ниҳоятда қашшоқ эди. Кампир кўчадан қоғоз йиғиб, керакли жойга топширар, шунинг пулига тирикчилик қиларди. Ана шундай оғир шароитига қарамай, қиз келажаги порлоқ бўлишидан умуман шубҳаланмаган.

– Мен бирор мартаям университетга ўқишга киролмайман, деб ўйламаганман, – дейди Кэрол Бернет. – Катта аудиторияларда маърузалар тинглаб ўтирганимни, талабалар шаҳарчасида яшаб, улкан иштиёқ билан сабоқ олаётганимни аниқ-тиниқ тасаввур қилардим. Бу фикр менга туну кун тинчлик бермасди. Ҳеч қандай имкониятим бўлмаса-да, ўзимча талабалик бахтидан сархуш юрардим.

Хўш, Кэрол маблағни қаердан олган?

– Мактабни битириш арафаси эди, – дейди у. – Бир куни почтани қарасам, менга юборилган конверт турибди. Маркаси бор-у, лекин почта муҳри босилмаган. Конверт ичида эса менинг бир йиллик ўқишимга етарли пул ётарди. Ишонасизми, мен ҳалигача бу пулларни ким юборганини билмайман.

Камина, агар тасаввурингизни ишлатсангиз, сиз ҳам Кэролга ўхшаб конверт тўла пул топиб оласиз, демоқчи эмасман. Лекин кафилманки, вазият, албатта, сизнинг фойдангизга ҳал бўлади. Энг муҳими ишонч, тасаввур кучидан фойдаланиш, мақсад сари олға интилишдир. Бу борада сизга миянгиз ёрдам беради.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг