Жорий йилда Тошкент жамоат транспортида йўл ҳақлари ошириладими?

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов 2018 йил 22 февраль куни «Тошкент шаҳрининг шаҳар ташиш йўловчи транспорти ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорини имзолади.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида транспортда ташувларга тарифларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга субсидиялар ажратиш назарда тутилган.
2017 йил 15 ноябрдан кейин «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан сотиб олинаётган ҳамда мунтазам ҳаракатланадиган шаҳар йўловчи, навбатчи, хўжалик ташувларини бажариш, шунингдек, автобусларни сервис хизматлари кўрсатишга йўналтириш учун фойдаланилаётган дизель ёнилғиси қийматидаги тафовут суммасига субсидия берилади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомаларига биноан соатбай ва бошқа тижорат ташувлари бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган ёнилғига харажатларга субсидия берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга унинг асосланган ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан 2017 йилда сотиб олинган ва 2018 йилда сотиб олинадиган дизель ёнилғиси қийматидаги нарх тафовутини қоплаш учун субсидиялар ажратилишини таъминлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги субсидиялар ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли хулоса олингандан кейин бир ҳафта муддатда уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга ажратилишини таъминлайди, бу тўғрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖни ёзма шаклда хабардор қилади. Хабарномада ажратилган субсидиялар суммаси, ажратиш санаси ҳамда субсидиялар унинг учун ажратилган ҳисобот даври кўрсатилади.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юкланди.
Ушбу қарордан хулоса қилинадиган бўлса, жорий йилда жамоат транспорти учун йўлкира пули кескин ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Балки умуман ошмаслиги ҳам мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter