Таққослаймиз: «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга қандай ўзгартиришлар киритилади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайтида 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қуйида аввалги қонун билан янги таҳрирдагисини таққослаб чиқамиз.
Аввалги қонуннинг 1-моддасида «Ушбу Қонун журналистнинг журналистлик фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, унга ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар беради, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини белгилайди.
Қорақалпоғистон Республикасида журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади», дейилган.
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади: «Ушбу Қонуннинг мақсади Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир».
Аввалги қонуннинг 2-моддасида «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир», дейилган.
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади:
биринчи қисми:
«Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир»
иккинчи қисми:
«Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади».
Аввалги қонуннинг 3-моддасида «Журналист — Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг оммавий ахборот воситаларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир», дейилган.
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади: «Журналист – меҳнат ёхуд бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тарқатиш ҳамда тайёрлаш билан шуғулланувчи шахсдир».
Аввалги қонуннинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасида цензурага йўл қўйилмайди.
Журналистдан хабарлар ва материалларни олдиндан келишиб олишини, шунингдек, материал ёхуд хабарнинг матнини ўзгартиришни ёхуд уларни бутунлай нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дейилган.
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгаради:
биринчи қисми:
«Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди».
иккинчи қисми:
«Эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек, уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ».
Аввалги қонуннинг 5-моддаси: «Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида:
ахборот тўплаш, уни таҳлил этиш ва тарқатиш;
ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш;
давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материаллар ва ахборотдан фойдалана олиш;
журналист текшируви ўтказиш;
ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш;
журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш;
маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш;
судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
эълон қилишга тайёрланган маълумотларни текшириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш;
башарти қонунни бузишга олиб келадиган бўлса, оммавий ахборот воситаси томонидан берилган топшириқни бажаришни рад этиш;
ўзи тайёрлаган хабар ёки материалнинг мазмуни таҳрир жараёнида бузилган деган фикрга келса, унга имзо қўймаслик ёхуд уни нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб этиш;
ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш;
тақдим этган хабарининг мазмунини оммавий ахборот воситаси бузиб эълон қилиши оқибатида ўзига етказилган маънавий зарар ва моддий зиён қопланишини суд орқали талаб қилиш;
жамоат бирлашмаларига, шу жумладан, журналистларнинг халқаро ташкилотларига кириш ҳуқуқларига эга.
Журналист ўзига қонун ҳужжатлари билан берилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади».
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади ва қўшимча қилинади:
биринчи қисми иккинчи хатбошиси:
«ахборотни излаш, сўраш, олиш, тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатиш»;
тўртинчи хатбошисидаги «давлат сири» деган сўзлар «давлат сирлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш»;
Бу ҳолатда еттинчи - ўн бешинчи хатбошилари тегишинча саккизинчи - ўн олтинчи хатбошилар деб ҳисобланади.
Аввалги қонуннинг 6-моддаси: «Ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист:
қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши;
ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши;
айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;
шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.
Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.
Журналист қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши шарт».
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади:
биринчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«журналистика соҳасининг сирини ошкор этмаслиги ва журналистларнинг касбий этикасига риоя этиши».
Аввалги қонуннинг 7-моддаси: «Фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек, факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланади.
Журналистнинг журналистика соҳасининг сири ҳисобланадиган маълумотларни бу маълумотлар манбаининг розилигисиз ошкор этиши, шунингдек улардан ўзининг ғаразли манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб фойдаланиши тақиқланади».
Янги таҳрирда биринчи қисмидаги «томонидан» деган сўздан кейин «уларнинг номини ошкор этмаслик шарти билан» деган сўзлар билан тўлдирилади.
Шунингдек, қуйидаги мазмундаги 71-модда билан тўлдирилади:
«71-модда. Журналистларнинг касбий этика қоидаси
Журналистларнинг касбий этика қоидаси журналист шахсига ва касб вазифаларини бажаришда унинг хулқ-атворига талабларни белгилайдиган низомлар мажмуидан иборат.
Журналистларнинг касбий этика қоидаси оммавий ахборот воситаларининг ўзлари ёхуд уларнинг бирлашмалари томонидан белгиланади».
Аввалги қонуннинг 11-моддаси: «Журналист давлат органи ёки жамоат бирлашмасида аккредитация қилиниши мумкин.
Журналистлар аккредитация қилинган давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида журналистга олдиндан маълум қилишлари ва зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни тақдим этишлари шарт.
Ўзбекистон Республикасининг журналисти хорижий давлатда аккредитация қилиниши мумкин.
Чет эл журналисти Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилиниши мумкин».
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади: «Журналистни аккредитация қилиш — аккредитация қилган орган фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳуқуқига лаёқатлилигини тасдиқловчи, аккредитация қилиш органи томонидан аккредитация қилинганлиги тўғрисида берилган гувоҳнома асосида журналистни ваколатли деб топиш жараёни.
Журналист давлат органи, жамоат бирлашмаси ва ташкилот ҳузурида аккредитация қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг журналисти хорижий давлатда аккредитация қилиниши мумкин.
Чет эл журналисти Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилиниши мумкин.
Аккредитация қилинган журналист қуйидаги ҳуқуқларга эга:
бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;
аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириш;
очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
аккредитация қилувчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш, оммавий тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ҳамда улардан кўчирма нусхалар олиш;
олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда фойдаланиш.
Аккредитация қилинган журналист қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин».
Аввалги қонуннинг 15-моддаси «Журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.
Журналист расмий хабарларда баён этилган ахборотни тарқатганлик учун жавобгар бўлмайди».
Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади:
иккинчи қисми:
«Журналист оммавий ахборот воситаларида материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:
агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали олинган бўлса;
агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио, видеоёзуви) бўлса».
Аввалги қонуннинг 16-моддасидаги жумла юқорига кўчирилгани боис (2-модда 2-қисм) янги таҳрирда ушбу модда чиқариб ташланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун ҳали лойиҳа бўлиб, у тасдиқланиши ёки рад этилиши мумкин. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter