Кафиллик азоби ёҳуд дўстини «тушириб» кетган фирибгар қисмати

Ҳаво иссиқ. Қуёш тафти баланд. Тошкент политехника институтини тамомлаганидан бери Когон туманидаги электромонтаж компаниясида ёрдамчи мутахассис бўлиб ишлаётган Шерзод ишдан қайтар экан, кўнглида бир енгиллик тугди — у ўз ишонган дўстига «кафил» бўлиб, «чув» тушгани - охирги қарзидан халос бўлиш арафасида. Банкка кириб, кассага яқинлашди. Кассир қиз таниш нигоҳни кўриб, у билан илиқ саломлашди. «Мана, охирги қарзингиздан ҳам қутилдингиз, сабрингизга қойил. Сиз каби дўстни кўрмадик”,-деди мийиғида кулиб, 3 200 000 сўм пулларни санаб олар экан.
«Ҳа-а, энди яна уйимга жамият қўйган «ишончли одам» сифатида қайтишимни хаёлимда тасаввур қиляпман»,-сокин сўзлади Шерзод.
***
Икки йил аввал унинг жуда яқин дўсти — ҳамкурс, ҳаммаслаги — Ойбек келиб, ўз ҳолатини тушунтирди:
- Дўстим, мен бизнес бошлаяпман. Кредит олмоқчи эдим. Лекин, банк кафил талаб қилаяпти. Сендан бошқа ишонган одамим йўқ…
Ойбекнинг оға-инилари бўлсаям, улар билан чиқиша олмайди. Шерзод буни яхши билади.
- Ҳа, майли, дўстим, мен ёрдам қилмасам, ким сенга ёрдам қилади? Дўст қайси кунга ярайди?- деди,- Ахир, дўстлик шунинг учун керак-ку?
- Бир йилга қолмай ёпаман, дўстим. Сенга муаммо туғдирмайман. Раҳмат,-деди Ойбек.
Шерзод иккиланиб турмади. Банклардан бирига боришди. Ҳужжатлар имзоланди. Дўстининг 80 миллион сўмлик кичик бизнес кредитига кафил бўлди.
Дастлабки уч ой Ойбек кредитни ўз вақтида тўлади. Лекин, негадир, у кейинги пайтларда кўринмай қолди. Дўстлар даврасида ҳам кўринмади, оилавий борди-келдилар анча пасайган. Телефони «доирадан ташқари» деган жавоб қайтарар, смс хабарлар жавобсиз қолган …
Дўстидан хавотир олган Шерзод унинг хонадонига қараб йўл олди. Дарвозасини қоқди. Аёли чиқди.
- Дўстингиз, ҳатто, менинг номимга тегишли бўлган автомашинани ҳам сотиб, кўздан ғойиб бўлганлар. Бир ойдан буён жавобсиз. Фақат биттагина смс келди: «Менга юк бўлмаларинг ва изламаларинг. Менга ёмонлик истасанг, тўрт томонга жар сол!»-кўзёшга кўмилиб ўқиб берди аёли,- На ота-онамга айта оламан, на оға-иниларига. Ота-онамга айтсам, мени олиб кетишади, икки болам билан ота уйимда сиғинди бўламан, оға-инилари, ҳатто, эшитмадиям...
- Тушундим, келин..,- Шерзод бир оғиз лом-мим дея олмади. Аммо, ичида, барибир, дўстимни топаман, унинг ўзгариши мумкин эмас, дея ўйланди.
Дарвоза олдидан қайтар чоғи чўнтагида бугун олган маошидан бир қисмини олиб, дўстининг аёлига суяниб турган қоракўз қизалоққа «ширинлик олиб ея қол” »,-дея узатиб, хайрлашди.
Туни билан дўстининг «йўқолгани»ю, унга кафил бўлганини ўйлаб, анча сиқилди. Худди «сюрприз» тайёрлаб қўйилгандек, банкдан ҳам унга тонг саҳардан қўнғироқ келди:
- Шерзодбек Маметов, шу ой тўлов бўлмаган. Сиз кафил сифатида жавобгарсиз.
Бу қўнғироқ Шерзоднинг ҳаётидаги «тўлқин»ларнинг бошланиши бўлди. У қўнғироқдан кейин худди саросимага тушиб қолиб, Ойбекни қидирди — аммо, ундан дарак йўқ. Бир хаёли ички ишлар органларига ҳам мурожаат қилмоқчи бўлди. Лекин, бошқа дўстларию, таниш-билишлари, унинг оиласи олдида яхшимас. Дўсти учун бир-икки ой тўлаб турса, ҳечқиси йўқ. Келгач, қайтарар. Шундай ўйлади Шерзод.
***
Шерзод учун энди ҳар ой ўртача 3,2 миллион сўмни банкка тўлаш «вазифа» эмас, балки ҳаёт тарзига айланди. Оиласи, болалари олдида боши эгилди. Ҳолатни хат-қоғоз қилса, ғурурга тўғри келмайди. Шикоят қилиб, Ойбекнинг аёлининг ҳам олдига бора олмайди. У ҳам ожиза қолган. Шерзод бир неча ой давомида тунги сменаларда ишлади. Ўзи бир нави судраб юрган машинасини ҳам сотишга мажбур бўлди. Ҳатто, ўзининг хотинига ҳам тўйда қилган зеб-зийнатларини ломбардга қўйди.
Хотинининг: «Бу дунёда одамдан арзон нарса йўқ экан. Дўстингиз шунча қадрсизласа ҳам жимсиз. Бошқаларнинг кўнгли учун ўз оиламизни қурбон қилманг»-деган гапидан ички азобда қолса ҳам унга: «сабр» деди.
Дўстлари орасида: «Ойбек Қозоғистонда экан, оиласию, дўстларига хиёнат қилиб келган номард учун ўзингни қийнама!»-деганлар ҳам бўлди. Уларга жавобан: «Мен унга ишониб, дўстликни кафолатлаб, билиб-билмай, кафил бўлдимми, қонун олдидаям, банк олдидаям жавобгарман. Яхшилик ҳар доим мукофот билан қайтмас экан, лекин, у инсонни ички қудратга эга қилар экан»,-деган Ойбек.
***
Икки йиллик «кафил»ликни эсон-омон ўтказган Шерзод банкдан чиқар экан, кўксига шаббода теккандек чуқур нафас олди. Аччиқ-аччиқ «қаҳ-қаҳ» отиб кулдиям, ҳатто. Шу пайт телефонининг жиринглашидан сергак тортди. Ҳамкасби - компания масъулларидан бири уни корхонага тез етиб келишини сўради.
- Эътирозга ҳожат йўқ. Сизнинг ишдаги муваффақиятингиз, компания тақдири учун фаоллик билан ҳаракатдан тўхтамаганингиз юқори турувчи раҳбарият томонидан кўриб чиқилди. Сизни кампания директори ўринбосари лавозимига лойиқ кўришди,-дейишди унга.
Шерзод ҳозир катта кампаниянинг масъул - «ишончли раҳбар»ларидан бири сифатида танилган. Меҳнати ва фидоийлиги билан обрў қозонган. Лекин у «дўстга кафиллик» ҳужжатини ҳозиргача сақлайди — ҳаётидаги энг оғир, энг катта сабоқ сифатида.
***
Икки йиллик қийинчилик, тунлари уйқусиз ишлаш, қарз ва мардликнинг оғир юкини кўтариб юрган Шерзод бир куни хотини билан чойхонада ўтирган пайтида дўсти Зоҳид билан тасодифан учрашиб қолди. Салом-аликдан сўнг унга:
- Шерзод, Ойбекни эшитдингми?
- Йўқ? – совуқ сўради Шерзод.
- Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилибди. Қозоғистонда фирибгарлик қилган, кейин Тошкентда ҳам икки одамни «инвестиция» деб алдаб, пулларини «еб» қўйган. Ҳозир қўлга олинган, суд-тергов ҳаракатлари олиб борилаяпти экан. Ундан жабр кўрганлар чақирилиб, бундан илгариги бошқа жиноятларга дахлдорлиги юзасидан ҳам иш олиб борилаётган экан,-деди Зоҳид.
***
Шерзод шундай вазиятда ҳам дўст, деб билганини «сотиш» учун эмас, унинг кўзларига тик боқиш учун суд залига кириб келди. Суд залида Ойбек билан кўзма-кўз келди. Қачонлардир ишонган, «бизнес қиляпман», деб қалбини ширин сўзлар билан пишитган «дўст»и — судья олдида боши эгилиб турарди...
У икки йиллик ўз ҳолатини, қандай оғир вазиятларда кредит қарзини тўлаганини, оиласи қандай зиён кўрганини ички оғриқ билан бир-бир кўз олдидан ўтказса-да, негадир, кўнглида хотиржамлик сезди. Бу «дўсти»нинг қайғусидан хурсанд бўлиш эмас, балки, бировлар ҳақига хиёнатнинг жавобсиз қолмаслигидан мамнунлик ифодаси эди.
Ойбек Туробовга қасддан қасддан молиявий мажбуриятлардан қочгани, фцқароларни алдаб, мол-мулкини ўзлаштиргани юзасидан айблов эълон қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг турли бандлари билан жавобгарликка тортилди.
Ойбек 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У суд залидан олиб чиқилаётганда, Шерзодга қаради. Юзидан фақат битта нарса сезилиб турарди: дўстликка хиёнат қилгани ва уни англаб кечирим сўраш истаги.
Суддан сўнг Шерзод чуқур нафас олди. «Мен дўст, деб билганимга ёрдам қилишдан тийилмадим. Аммо, битта нарса сабоқ бўлди: «Ёрдам қилиш – бу жасорат. Лекин, ишончни кимга бериш – бу ақл ва синов натижасидир!»
Шерзод, нафақат, кафил сифатида тўлаган қарздан, балки қалбидаги оғриқдан ҳам озод бўлди. Чунки, у ўзига хос инсонийликни йўқотмади — адолат келгунча, сабр қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter