Кечиктирилган ҳаёт синдроми: «ҳозир» ва «кейин» ўртасидаги умр

Урфдан қолган чинни тўпламлар, хрусталь идишлар, ранги ўчган кумуш қошиқлар, куя еган мўйна ёқали пальтолар, деворга осилган гиламлар... Бир пайтлар ноёб ҳисобланган бу буюмлар чанг босганча аллақаерларда ётибди. Булар совет даврида ҳашаматли буюмлар ҳисобланарди ва эҳтиёткорлик билан махсус кунлардагина ишлатиларди. Ҳатто яхши кунни, байрамни кутиб умуман ишлатилмагани, фойдаланилмаганлари ҳам бор.
фото: https:/pikabu.ru
Ўша келадиган кун яъни бахтли келажак ёрқин интизорлик ҳолатига туширадиган қандайдир муҳим воқеа билан бошланиши керак гўё. Шу боис кўпчилик, ёрқин лаҳзаларни кутиб, ҳозир, айни дамдаги завқни унутиб қўйишади.
Келажак қиёфаси жуда жозибали...
Рус файласуфи Николай Бердяев тўғри таъкидлаган эди: «Ўтмиш ўтди, келажак ҳали бу ерда эмас ва ҳозирги кунни тушуниш қийин».
Келажак қиёфаси кўпинча ижобий маънога эга, чунки у янги йўлни танлаш имконияти туфайли янада жозибалироқ кўринади, ўтмишни эса ўзгартириб бўлмайди, бугунги кун мавҳумдек.
«Форбес» журналидаги ушбу мавзудаги мақолада таъкидланганидек, ҳозирги авлод вакиллари онгсиз равишда ўзларининг боболари ва бувилари чин дилдан ишонган муносабатларга амал қилишади – бахтни кутиш аллақачон дастурлаштирилган ҳаёт сценарийсининг бир қисмидир.
«Кечиктирилган ҳаёт» синдроми
Ҳа, айнан бахт кечиктирилган ҳаёт синдроми туфайли «кечикади». Афсуски, жуда кўпчилик «кечиктирилган ҳаёт» синдроми билан яшайди. Улар шундай ўйлайди: «ҳақиқий» ҳаёт олдинда ва бугунги кун фақат ўша яхши кунлар учун тайёргарлик. «Ойлигим кўпайса...», «оила қурсам...», «ўз уйим бўлса...» мен бошқача яшайман. Муаммо шундаки, «ҳақиқий» ҳаёт ҳеч қачон келмайди. Ва агар шундай бўлган тақдирда ҳам, одам ундан чинакам завқ олиши учун жуда кеч қолган бўлади. «Кечиктирилган ҳаёт» синдроми (postponed life syndrome) бор одам бахт ва завқни ҳозир эмас, балки келажакка қолдиради.
«Кечиккан ҳаёт синдроми» атамаси 1990-йилларда рус психологи Владимир Серкин томонидан Магадан вилояти, Якутия ва Чукотка аҳолисининг мамлакатнинг марказий ҳудудларига кўчиб кетиш сабабларини ўрганиши орқали пайдо бўлган. Олим таъкидлашича, кўпчилик шимолликлар гуллаб-яшнаган минтақага кўчиб ўтгандан кейингина тўлиқ ҳаёт бошлашларига ишонишади. Йиллар давомида «яхшироқ ҳаёт» кутгани сабабли, инсон ҳозирги кундан завқлана олмайди, Серкин буни яшашга кечикиш синдроми деб атади. Бундай одамлар тўлиқ бахтли ҳаёт учун бахтли муносабатлар, юқори лавозим, сифатли таълим, кўп пул керак деб ўйлайди. Семиз одамлар вазн ташлаганда, баъзилар қарзлари йўқ бўлса, бошқалар яхши ишда ишласа тўлиқ яшаётган бўламан деб ўйлашади. Мутахассисларнинг фикрича, айни дамда шу ерда ва ҳозир қандай қувонишни билмаган одам, ҳатто режадаги орзулари амалга ошганда ҳам буни қила олмайди – мия ҳар доим қувончни кейинроқ кечиктириш учун сабаб излайди. Кечиктирилган ҳаёт синдромига учраган одам мулк йиғиш билан умрини ўтказади. Ҳаётнинг энг ёрқин мисоли – ота-боболаримиз, момоларимиз қувончли кунларда кияман деб оҳорли кийимларини асраб-авайлаши, чиройли идишларни ўзига раво кўрмаслиги. «Мен нафақага чиққанимда саёҳатни бошлайман, аммо ҳозир вақт йўқ», «мен фарзандларимни уйли-жойли қилсам, айланишларга бораман»... «шунча вазн ташласам, кейин шу кўйлакни сотиб оламан...»
Улар фарзандларига тўлиқ ҳаёт кейинроқ бошланишини айтадилар: «Каттарсанг ўзинг билганингни қиласан...», «Севги ҳақида ўйлашга ҳали эрта, дипломни олганингдан сўнг...», «ўқишни битирсанг кейин истаганингча ўйнаб куласан...»
Ушбу ёндашув тарбиялайди, рағбатлантиради, қатъиятни ўргатади. Яъни ҳаёт ва иш учун муҳим бўлган кўплаб кўникмаларни ривожлантиришга имкон беради. Аммо муаммо шундаки, бахт учун шароитларнинг чегаралари кўпинча хиралашган.
Шу сабабли, кечиккан ҳаёт синдроми бўлган одамлар, ишлашни бошлаш учун ҳали етарли билимга эга эмас деб ўйлаб, доимий равишда баъзи курсларни тугатадилар. Ёки улар бутун умрларини мартаба зинапоясида кўтарилиш билан ўтказадилар, чунки улар ҳали керакли даромад даражасига эришмаганига ишонишади.
Кечиктирилган ҳаёт кечириш истаги нафақат оилада шаклланади. Бунга бир неча авлодларнинг турмуш шароити, маълум бир халқнинг менталитети ва маданияти таъсир кўрсатади. Бундай омиллар бир қанча. Юқорида таъкидланганидек, СССРдан қолган мерос бу идеал келажак (коммунизм) ҳақидаги афсоналар. Ҳозирги қийинчиликларни «эртага тузалади» деган ёлғон орқали оқлаш. Вазият аллақачон ўзгарган бўлса-да, худди шу мерос ота-оналардан болаларга ўтади.
Яна бир омил ўтказиб юборилган имкониятлар: «Қизим турмушга чиқсин, кейин ўзим ҳақимда ўйлайман», «кўп ишлаб пул топай, кейин ҳаётдан завқ оламан», «ёзувчи бўлмоқчиман, аммо ҳозир вақти эмас...»
Бу синдром нима учун хавфли?
Биз ҳозирни йўқотамиз. Ҳаёт доимий равишда «тайёргарлик» ҳолатига айланади, бахт эса абадий кечиктирилган поезд.
Кечиктирилган ҳаётнинг иккинчи томони, ностальгия, ўтмишни идеаллаштириш. Келажак келмади, демак энди «ўтмиш яхши эди» деган ҳиссиётни кучайтиради.
Бу нафақат СССР мероси балки, бошқа мамлакатларда ҳам одамлар яшашга кечикишади. Японияда «кароси» (ортиқча ишдан ўлиш) феномени бор. Яшашни эмас, ишлашни биринчи ўринга қўйиш: «ҳозир меҳнат қил, кейин дам оласан.» Лекин кўпинча «кейин» деган дам умуман келмайди. АҚШ ва Европа «workaholism» ва «retirement dream» синдроми. Одамлар бутун умр ишлайди, бахтни ва яшашни нафақага чиқишига қолдиради. Ўша вақт келганда эса ё қувват, ё саломатлик йўқ. Осиёнинг айрим давлатларида ота-оналар фарзанд учун умрини кечиктиради: «ўғлим, қизим ўқиб одам бўлсин, кейин менинг навбатим.» Лекин ўз ҳаёти йўқолиб кетади. Яъни, «кечиктирилган ҳаёт» – универсал иллат, лекин поссовет даврида у системали тарзда давлат идеологияси орқали кучайтирилган. Шунинг учун бу ерда синдром анча «оғир» кўринишда.
Танқислик...
Яна бир сабаб танқислик феномени – Собиқ СССРда қўлга тушганини «қора кунга» асраб қўйиш табиий рефлексга айланган. Менталитетга сингган ортиқча эҳтиёткорлик – қиммат нарсани кундаликка ишлатма, эскириб қолади, деган қараш ҳам яна бир сабаб. Эслаб кўринг, ота-оналаримиз учган пиёлада чой ичиб, чиройли идишларни меҳмонга асраб ўтирарди. Олма, апельсин, мандаринлар оддий кунларда дастурхонга қўйилмасди, фақат янги йилга асраларди.
Фото:woman.rambler.ru
Шу боис болалар учун Янги йил — нафақат арча, балки витаминли мўъжиза ҳам эди. Қиш учун ёпилган тузламаларни очишнинг ўзи маросимдек қабул қилинган. Одамлар «ҳозир завқланиш»ни эмас, «кейин йирикроқ завқ»ни кутган. Ҳозир бахтли бўлишга ҳақли эмасман, деб ўйлашган, аввал сабр қилишим, ишлашим керак деган ички тўсиқ бўлган.
Бироқ вақт ўтиб, бу танқислик тугади. Бозор тўла кийим-кечак, идиш-товоқ, озиқ-овқат, барча нарса бор, аммо стереотип ҳали ҳам тирик, яъни одамлар пулни, вақтни, орзуларни кейинроққа қолдирадилар.
Энг оғири айтилмаган сўзлар. Ҳатто биз «яхши кўраман» деган сўзни кейинроққа қолдирамиз. Биз «узр» деган калимани асраб қўяамиз. Биз бу гаплар бугун айтилмаса ҳам бўлади, деб ўйлаймиз. Шу «кейин»лар туфайли кўп муносабатлар совуқлашади.
Ёшлар бугун «асраб қўйиш»ни камайтираётгандек туюлади. Аммо синдром бошқа шаклга кирган: масалан кредитда телефон олиш, «ҳаммаси Instagram учун» ҳаёти, «бугун завқ, эртага қарз» тамойили.
Аммо бу ҳам чалғитувчи кўриниш. Асосида яна ўша кечиктириш ётади:
«Мен ҳақиқий ҳаётни кейин яшайман…». Оқибатда табиатдан завқ олиш, атрофда бўлаётган гўзалликларни ҳис қилиш сувдай оқиб кетади.
Маршмелло синдроми
Савол туғилади: хўп мен бугунги куним билан яшасам сабр-қаноат қадрияти қадрсизланмайдими, қиймати нима бўлади?
1960-йилларда Стэнфорд университетида профессори Уолтер Мишел болалар билан қизиқ тажриба ўтказди. Ҳар бир бола стол устида турган маршмелло (ширинлик) олдида қолдирилди. Боладан танлов сўралди: агар у ширинликни ҳозир еса иккинчи ширинлик йўқ. Агар 15 дақиқа сабр қилиб, ширинликка тегмаса унга иккита берилади.
Натижалар кутилгандек қизиқ чиқди: Айрим болалар сабр қилолмади ва дарҳол еб қўйди. Айримлар эса ҳар хил йўл топди: кўзини юмди, қўшиқ айтди, ўйнади лекин сабр қилди ва иккинчи ширинликка эга бўлди.
Орадан ўнлаб йиллар ўтиб, олимлар болаларнинг ҳаётини кузатди. Маълум бўлишича, болалигида сабр қилиб, «иккинчисига интилиш»ни ўрганганлар катта бўлганда: ўқишда яхши натижага эришди, касбида юқори марраларга чиқди, молиявий жиҳатдан барқарор бўлди, стресс ва муаммоларга чидамлироқ бўлди.
Иллюстрация: Нино Чакветадзе
Бироқ, «ширинликни ҳозир еб қўйганлар» кўпинча шошма-шошар, ўйламасдан қарор қабул қиладиган одамлар бўлиб етишди.
Демак, инсоннинг иродаси айнан шу «ҳозир» ва «кейин» ўртасидаги танловда намоён бўлади. Баъзан, ҳаёт сизни фақат «ҳозир» билан яшашга мажбур қилади масалан, қўлингизда битта ёнғоқ қолса ва уни асраб-асраб қўйиш ўрнига еб қўйсангиз, бу ҳам табиий. Лекин умрнинг барқарорлиги, орзу ва мақсаднинг тикилиши «кейин» учун сабр қила олишда.
Маршмелло синдроми бу фақат болаларнинг ширинлик билан синови эмас. Бу умрнинг синови. Ҳар биримиз ҳар куни шундай танлов қиламиз: «ҳозир» йўлидан бориш осон, лекин «кейин» йўлида барқарорлик, чуқур маъно ва ҳақиқий қониқиш бор.
Бу тажриба «сабр» ва «қаноат» нинг ижобий қийматини кўрсатади. Яъни одам қониқишни кечиктира олса, каттароқ ютуққа эришиши мумкин.
Хўп, унда нима учун кўпчилик «ҳаёт қисқа бугун яшаб қол», деб бонг уради?
Кечиктирилган ҳаёт синдромидан воз кечиш – бу сабр-тоқатни қийматсизлантириш эмас. Балки аксинча: сабрнинг ҳақиқий моҳиятини очиб бериш. Сабр бу «йўқ» ҳолат эмас, балки «бор», лекин натижаси «кейин» ҳолати.
Кечиктирилган ҳаёт бу инсоннинг ҳаётдан воз кечиши, «ҳозир» мен учун эмас, ҳаёт «кейин» деб яшаши. Сабр эса инсоннинг жараённи қабул қилиши, ҳосили учун вақт кераклигини англаши.
Сабрда ҳаракат ва маъно бор. Кечиктирилган ҳаётда эса фақат қочиш ва умидсизлик.
Кечиктирилган ҳаёт синдромидан қандай қутулиш мумкин?
Бу баъзан бу жуда мураккаб бўлиб туюлади. Мутахассислар фикрига кўра, агар ишингиздан чарчаган бўлсангиз ишни ташлаб, бошқасини қидиринг. Агар сиз ташламасангиз, бу ҳаммаси ёмон эмаслигини англатади. Аммо кечиккан ҳаёт синдроми бўлган одам учун кескин ўзгаришлар қилиш қийин, чунки у қўрқоқ ёки заиф бўлгани учун эмас, балки нима учун буни қилиш кераклигини тушунмайди.
Сиз узоқ вақтдан бери амалга оширмоқчи бўлган режаларингиз рўйхатини тузинг: озиш, дам олиш, хизматларингиз нархини ошириш.
Муаммони ҳал қилиш учун аниқ чоралар кўряпсизми ёки йўқлигини таҳлил қилинг. Масалан: Мен озишни хоҳлайман – спорт залига бораман, калорияларни ҳисоблайман, мен ёзни арзон сабзавотлар ва мевалар билан кутаман. Ёз келади, барбекю мавсуми бошланади. Бу ерда қандай вазн йўқотиш мумкин? Бу муаммодан қочиш, ўз-ўзини алдаш. Бу ерда аниқ қадамлар йўқ. Ана шу пайти сабр ёрдамга келади.
Сизда ортиқча вазн борми ва сизга тўғри келмайдиган кийимларингиз борми? Уларни сотиш, хайр-эҳсон қилиш ёки ташлаб юбориш яхшироқдир. Ўзингизга мос кийимларни сотиб олинг, чиройли бўлинг ва ҳаётдан завқланинг.
Чарчадингизми, таътилни кутманг, ўзингиз учун таътилни ташкил қилинг: ўз маблағингиз билан бир неча кун дам олинг, паркда сайр қилинг, кафе ёки кинога боринг.
Бошқа давлатга кўчиб ўтишдан, касбингизни ўзгартиришдан ёки янги иш қидиришдан қўрқасизми? Фақат маълумот тўплашни бошланг. Кўпинча бизни қўрқитадиган нарса ўзгариш эмас, балки унинг номаълум эканлиги.
Ўз вақтингизни, кучингизни ва имкониятларингизни режалаштиришни ўрганинг. Режа тузинг ва унга амал қилинг. Нимага эришилган ва нима амалга ошмаганини таҳлил қилинг. Шундай қилиб, вақт ўтиши билан сиз мақсадингизни тушунасиз.
Яшашга кечикманг. Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир лаҳза – ўзингизни ривожлантириш ва ҳақиқий қониқишга эришиш учун берилаётган совға. Сабр – бу фақат кутиш эмас: бу ҳаётни фаол қабул қилиш ва унинг ҳар бир дақиқасидан фойдаланиш йўли. «Ҳозир» ва «кейин» ўртасидаги ҳар бир танлов сизга ўз орзуларингиз ва мақсадларингизга эришиш йўлида қадам ташлаш имконини беради. Шу танловлар орқали ҳаётингизни кечиктирилмаган, маъноли ва завқли қилишингиз мумкин. Ҳар бир кунни бойитинг, кечиктирманг ва ҳақиқий ҳаётнинг лаззатини шунчаки «кейин»га қолдирманг.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter