«Келажак» марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови миқдорлари белгиланди
Ҳукуматнинг жорий йил 10 декабрдаги 776-сон қарори билан «Келажак» марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, «Келажак» марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови ойига БҲМга нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланди:
2026 йил 1 январдан:
- Тошкент шаҳрида – 30 фоиз;
- вилоятлар марказларида – 25 фоиз;
- республиканинг қолган туман (шаҳар)лари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразмнинг Урганч шаҳарларида – 15 фоиз;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг қолган туман (шаҳар)ларида – 10 фоиз;
2026 йил 1 сентябрдан эса:
- Тошкент шаҳрида – 60 фоиз;
- вилоятлар марказларида – 50 фоиз;
- республиканинг қолган туман (шаҳар)лари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳарларида – 30 фоиз;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида – 20 фоиз.
Қарор билан тасдиқланган низомга, жорий ой учун тўлов мазкур ойнинг 10-санасидан кечикмасдан тўланади. Бунда сентябрь ойи учун тўлов 30-санага қадар амалга оширилади.
Ота-оналар тўловидан қуйидагилар озод этилади:
- «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандлари (таълим олувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида);
- алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат ўқувчилари;
- етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, умумий ўрта таълим ташкилотларининг инклюзив синфларида таълим оладиган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 сентябридаги ПҚ–277-сон қарор билан мактабдан ташқари таълим ташкилотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида «Баркамол авлод» республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика «Келажак» маркази ташкил этилиши белгиланган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter