«Келинлар бозори»даги ноодатий «савдо» аёлга нисбатан ҳақорат ва туҳматдир

Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Келинлар бозори» ҳақида бир ролик тарқалди. Яъни унда бозор пештоқига «Келинлар бозори», деб ёзиб қўйилган эди.
Буни ким, нима мақсадда қилган билмадиму, лекин кўриб бўлгач, бир аёл сифатида, она сифатида, шу халқнинг фарзанди сифатида жуда ранжидим. Буни ижод қилганлар санъат асари дейишар ёки сатира ва юмор деб роликни оқлашар, лекин менинг назаримда, бу ўта бачканалик, фаҳм-фаросатсизлик, қолаверса, халқимизга нисбатан туҳмат ва ҳақоратдан бошқа нарса эмас.
Ҳар қандай асар ҳаётдан олинади, жамиятдаги типик ҳодисалар (муайян муҳитда кўп учрайдиган, одатий, доимий равишда кузатиладиган воқеа-ҳодисалар)ни, муаммоларни образли қилиб кўтариб чиқади. Шундай экан, бу ролик ижодкорлари ҳам англашимча, «жамиятда аёлларга нисбатан бир буюм сифатида қаралмоқда, улар бозорга солинмоқда, бу одатий ҳолга айланган, давлат ва жамият ҳам буни қўллаб-қувватламоқда ва ҳоказо», демоқчи бўлгандай.
Энди савол туғилади, хўш, бизнинг жамиятда бу ролик учун чиндан ҳам мотив борми? Аслида шунақами?
Мисол учун ҳассага суяниб келаётган чол бетамизларча, «кампирни бошимга ураманми, менга ёшидан, зўридан керак», бошқа бир эркак орсизларча «иккинчи қўл бўлса ҳам, арзон вариантлар ҳам бўладими», дейди. Ёки яна бир аёл қизини бозорга солаяпти, яъни сотаяпти: «энди бу кўпи билан юриб қўйган-да» ёки «ҳаммага тўғри келган, сизга ҳам тўғри келади»... Бошқа бир аёл эса қизи ҳақида «йили эски бўлса ҳам қирилмаган, эзилмаган, сиқилмаган, хуллас ҳали пломба», деб мақтаяпти. Яна бири эса қизга нисбатан «гарантияси бор, қайтариб олиб келсангиз, синглисига алмаштириб берамиз», демоқда.
Роликдан кадр
Бу персонажлар ва уларнинг оғзидан чиқаётган гаплар, наҳотки, халқимизга хос типик ҳолат ёки одатга айланган бўлса?! Наҳотки, жамиятимиз қизларни бозорга солиб, савдолашадиган даражада тубанлашган, аёлларимиз оналик ҳиссисиз, эркакларимиз орсизлашиб кетган бўлса?! Ахир, бу халқимизга нисбатан туҳмат, ҳақорат эмасми? Булар минг йиллик тарихга эга ўзбек халқини шу қадар тубан қилиб тасвирлашга ҳаққим бор деб, ҳисоблармикан?!
Ёки давлат томонидан аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўқиши, касб ўрганиши, эркин шахс сифатида ҳаётда тўлақонли яшаши учун шарт-шароитлар яратиш, аёлларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш борасида қилинаётган ишлардан, бу масалада бутун жамият оёққа тураётганидан булар хабардор эмасми?
Ёки бугунги ўзбек хотин-қизлари ўзини бозорга солишларига қўйиб берадиган даражада савиясиз ёки ҳимоясиз эмаслигини билишармикан? Бу ролик орқали ўзбек халқини Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» асаридаги ахлоқий инқирозга юз тутган Маконда аҳлига ўхшатиб қўйганини ҳис қилишдимикан?!
Тўғри, жамиятимизда аёлларга нисбатан оилада зўравонлик ёки хоҳишига қарамай турмушга бериш ҳолатлари учраб туради ва бу сўнгги йилларда тобора камайиб бормоқда. Лекин бу дегани уларни буюм каби сотиш дегани эмаску. Ёки барча халқлар аёллари каби ўзбек аёли ҳам ўзига аро беришга, гўзал бўлишга ҳаракат қилади. Аммо гўзал бўлишдан мақсад ўзини бозорга солиш эмас, албатта.
Шу ўринда яна бир гап, Президентимиз сиёсий ирода кўрсатиб, сўз-фикр эркинлигига йўл очди, ижод эркинлигини қўллаб-қувватлади, бу дегани кўнглингга келганини қил, бутун бир халқни камситавер, ҳақорат қил, туҳмат қил дегани эмас. Ҳар соҳада бўлгани каби ахборот тарқатишда ҳам ўз этикаси бўлиши керак. Ҳар нарсанинг чегараси, ҳадди бўлади.
Шу боис, бу ролик орқали жамиятдаги муаммо кўтариб чиқилган деган иддаога мен қўшилмайман ва буни аввало, халқимизга нисбатан туҳмат, провакация, бир ўзбек аёли сифатида, она сифатида ўзимга нисбатан ҳақорат деб ҳисоблайман.
Дурдона Раҳимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter