Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кир ювиш машинасини тозалаб турмасангиз…

Кир ювиш машинасини тозалаб турмасангиз…

Кир ювиш машинаси бугунги кунда энг оммабоп маиший техникалар қаторига киради. У узоқ вақт хизмат қилиши ва янгидек ишлаб туриши учун маълум амалларни бажаришимиз лозим. Икки-уч кишилик оиладаги кир машина тамбурини йилига икки-уч марта тозалаш кифоя. Аммо кирларингизнинг доимий яхши ҳолатда ювилиши учун барабан ва унинг эшикларини тозалаш ҳам керак.

Сизга қуйида 5 та энг керакли усул ҳақида маълумот берамиз.

1. Эшикдаги резинани қандай тозалаш керак?

2 ош қошиқдан сирка ва идишларни ювишда ишлатиладиган суюқ совунни яхшилаб аралаштиринг. Сўнгра 10-15 дақиқа аралашмани тиндириб қўйинг. Пахта ўралган таёқчалари ёки махсус сув шимувчи латта ёрдамида эшик резиналарининг ичини яхшилаб артинг.

2. Барабанни қандай тозалаш керак?

150 г. лимон кислотасини олинг ва уни кир ювиш кукуни учун мўлжалланган идишчага солинг. «Барабанни тозалаш» режимини танлайсиз ёки машинани мумкин бўлган энг юқори ҳароратда ёқасиз. Тозалаш жараёнини кузатишни истасангиз, кир машинанинг канализацияга уланган шлангини ваннангизга олиб қўйишингиз кифоя. Агар жараён тугагунга қадар сув тозаланмаса, жараённи такрорлаш керак.

3. Ҳид ва моғорни қандай олиб ташлаш мумкин?

Суюқ кукун солинадиган бўлинмага 200 мл. сирка кислотасини солиб, юқори ҳароратда барабанни тозалаш амалини ёқасиз. Сирка тўпланган моғорни йўқ қилади ва машинадан ёқимсиз ҳид мутлақо йўқолади.

4. Кукунли патнисни қандай тозалаш керак?

Кукунлар солинадиган идишлар оҳак, бактериялар ва моғор пайдо бўладиган жой ҳисобланади. Иссиқ ва нам шароит ҳамда кукуннинг доимий охиригача ишлатилмаслиги сабаб кирланиб қолади. Лимон кислотаси ва тиш чўткаси ёрдамида қотиб қолган кукунларни юмшатиб, сўнгра ювиб ташлаш мақсадга мувофиқдир.

5. Филтрни қандай тозалаш керак?

Филтрни очишдан олдин, шлангни латта билан беркитинг. Сўнгра сувни тўкиб ташланг. Машинадаги филтр тешикларини нам мато билан артиб олинг. Филтрнинг ўзини ювиш воситаси қўшилган тиш чўткаси билан иссиқ сувда ювиш кифоя.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг