Кобул 2030 йилда ичимлик сувидан бутунлай маҳрум бўлиш хавфи остида

Афғонистон пойтахти Кобул 2030 йилда ичимлик сувидан бутунлай маҳрум бўлиш хавфи остида — бу ҳақда Mercy Corps халқаро инсонпарварлик ташкилоти ҳисоботига асосланиб The Guardian газетаси ёзмоқда.
Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, сўнгги ўн йилликларда Кобулда ер ости сувлари сатҳи 30 метрга пастлаб кетган. Бу шиддатли урбанизация (шаҳарлашиш) ва иқлим ўзгаришларининг оқибати. Шаҳардаги қудуқларнинг деярли ярми қуриган, сув истеъмоли ҳажми сув захираларининг табиий тўпланиш тезлигидан юқори — йиллик тақчиллик 44 миллион куб метргача етган.
Аҳвол ўзгармас экан, шаҳар ва унинг атрофида яшовчи 7 миллион кишининг тақдири хавф остида қолади. Mercy Corps ташкилотининг Афғонистон бўйича директори Дэн Карри айтишича, сув етишмаслиги аҳолининг мажбурий кўчишига олиб келади, халқаро ҳамжамият кўмагининг йўқлиги миграция муаммолари ва ижтимоий машаққатларни янада чуқурлаштиради.
Сув нафақат тақчил, сифати ҳам жуда ёмон: ер ости сув захираларининг қарийб 80 фоизи канализация чиқиндилари, туз, маргимуш билан ифлосланган. Одамлар тоза сув сотиб олишга мажбур, оилалар бюджетининг учдан бир қисмигача шунга кетмоқда. Айрим оилаларнинг коммунал қарзлари жиддий молиявий муаммога айланган.
Маълумот учун: Кобул шаҳри Кобул дарёси бўйида жойлашган, аҳолиси 4 миллиондан зиёд. Айрим манбаларга кўра, Кобул «гуллаган соҳиллар ўртасида оқувчи дарё» деган маънони англатади. Кўплаб тахминлар қаторида, шаҳарнинг номи шу гидронимдан олингани ҳам айтилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter