«Кокилли қиз» панноси Альфред Мазитов қаламига мансублиги тасдиқланди. У сақлаб қолинади

Бир неча кун муқаддам Тошкентдаги «Premier Hall» кинотеатри жойлашган бинодаги ноёб панно борасида фикрлар билдирилган эди. Кинематография агентлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, ушбу панно сақланиб қолади.
«Пойтахт марказида жойлашган «Premier Hall» кинотеатри жорий йилда бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент Халқаро кинофестивалида локациялардан бири бўлиши кўзда тутилган. Шу сабабдан Кинематография агентлиги ижарачилар билан келишган ҳолда бинонинг ташқи қиёфасини янгилашга қарор қилди.
Таъмирлаш ишлари пайтида бинонинг юзасида эски панно топилди. Шундан сўнг, Кинематография агентлиги экспертларни таклиф қилиб, топилмани ўрганишди. Панно ҳақиқатда Альфред Мазитовнинг қаламига мансуб «Кокилли қиз» мозаикаси эканлиги экспертлар томонидан тасдиқланди. Рассомлар уюшмаси раиси Акмал Нур ва экспертлар паннони реставрация қилиш имкони мавжудлигини маълум қилишди. Шундан келиб чиқиб, ушбу фрескани сақлаб қолиб, бинонинг янги дизайнини айнан «Кокилли қиз»дан келиб чиқиб яратиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.
Ҳозирда бинонинг ижарачилари ва қурувчилар билан қайта музокалар ўтказиб, уларга янги дизайн бўйича кўрсатмалар берилди. Айтиб ўтиш жоизки, бунгача бинони дизайни умуман бошқача бўлиши ва топилган панно ўрнида фильмлар анонслари учун экран ўрнатилиши режалаштирилганди. Эндиликда айнан «Кокилли қиз» бинонинг янги дизайнини белгилаб беради. Шунингдек, ушбу ўзгаришлардан сўнг бинонинг ҳозирги Premier Hall номи қанчалик мос бўлиши бўйича саволлар туғилмоқда. Шу сабабдан шаҳар аҳолисидан таклифларни кутиб қоламиз.
Ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда «Кокилли қиз» панноси атрофида бўлган фикрларни кузатдик. Санъат асарига бефарқ бўлмаган, уни сақлаб қолиш бўйича мурожаат йўллаган барчага миннатдорчилик билдирамиз», — дейилади Кинематография агентлиги Ахборот хизмати томонидан берилган баёнотда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter