Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус атайин тарқатилганмиди? ЖССТ жавоб берди

Коронавирус атайин тарқатилганмиди? ЖССТ жавоб берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлар гуруҳи уч йилдан ошиқ вақт мобайнида COVID-19нинг келиши чиқиши юзасидан тадқиқот олиб борди. Аммо 27 нафар олим иштирокидаги тадқиқотда баҳсли саволларга узил-кесил жавоб берилмаган

Сўнгги йилларда коронавирус одамга ҳайвондан, хусусан, кўршапалакдан юққани, Хитой лабораторияларидаги изланишлар даврида йўл қўйилган хато сабаб тарқалиб кетгани ҳақида тахминлар илгари сурилди.

Олимлар гуруҳига раҳбарлик қилган Мариетжи Вентернинг фикрича, аксар илмий фаразлар вирус одамга ҳайвонга юққанини тасдиқламоқда. Аммо экспертлар вирус лабораториядан тарқалиб кетгани борасида тахминни ўрганиш учун етарли маълумотларни қўлга кирита олмаган. Хитой ҳукумати бу борада сўралган маълумотларни тақдим этмаган.

Шунга кўра, коронавируснинг лабораториядан тарқалиб кетгани ҳақидаги фикр на тадқиқ қилинган, на истисно этилган. Бу эса ушбу фараз кейинроқ яна ўрганилишини англатади.   

27 нафар олим ягона хулосага кела олмаган. Уларнинг айримлари вазиятга норозилик сифатида гуруҳни ҳам тарк этган.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус 20 млн инсоннинг умрига зомин бўлган, жаҳон иқтисодиётига 10 триллион доллар зарар етказган COVID-19нинг келиб чиқиш манбасини топиш мутахассисларнинг маънавий бурчи эканини таъкидлаган. 

Коронавирус пандемияси даврида АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашгани маълум. Қўшма Штатлар раҳбарияти Хитойни коронавирус тарқалиши борасидаги реал ҳолатни яширишда айблаган. Доналд Трамп биринчи президентлиги даврида дунё осойишталигини издан чиқарган хасталикни “хитой вируси” деб атагани ҳам дипломатик тортишувларга сабаб бўлган эди. Трамп вирус Хитойдаги лабораториялардан тарқалганини ҳам айтиб келган.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 2024 йил декабрь ойида чоп этган ҳисоботда ҳам коронавирус Хитойдаги лабораторияда яратилгани айтилади.

COVID-19 вакцинасини ўғирлашга уриниш важидан ҳам Пекин ва Вашингтон муносабатида зиддият юзага келганди.

Хитой ҳам ўз навбатида коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган деган иддаони илгари сурганди. Аммо бу қараш шунчаки популистик баёнот деб баҳоланган.

Уханда номаълум хасталик 2019 йил декабрь (айрим манбаларга кўра, ноябрь) ойида қайд этилган. Хитой расмийлари эса янги эпидемия ҳақида 2020 йил 20 январда маълум қилган. Февраль ойи ўрталарига қадар ушбу вирус асосан Хитой бўйлаб ёйилган. Кейин эса у вабо каби бутун дунёга тарқалган ва ЖССТ коронавирус тарқалиши ҳодисасини пандемия дея эълон қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг