Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор, хавотирга ўрин йўқ – ССВ

Коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор, хавотирга ўрин йўқ – ССВ

Бир мудат олдин АҚШнинг New York Post нашрига таяниб коронавируснинг янги тўлқини кенг тарқалаётгани, хусусан, шу йилнинг март ойида Хитойда аниқланган NB.1.81 штамми аллақачон Гонконг ва Осиёнинг бошқа қисмларига, ҳатто, Нью-Йорккача етиб боргани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон ССВ сўнгги пайтларда тарқалаётган бу каби хабарлар фонида коронавируснинг NB.1.81 штамми билан боғлиқ айрим маълумотларни бўлишмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси расмийси Нурмат Отабековнинг қайд этишича, коронавируснинг Хитойда аниқланган NB.1.81 штамми баъзи мамлакатлар бўйлаб тарқалаётгани ҳақида маълумотлар рост. Лекин, СOVID-19 нинг янги тўлқини дунёни қамраб олмоқда, деган хабарлар асоссиз.

«ЖССТ 2024 йил 13 апрелдан коронавирус билан касалланиш бўйича кундалик ахборот бериб боришни тўхтатган. Давлатлар миқёсида ҳам шундай. Масалан, Россиянинг «Роспотребнадзор» ташкилоти 2024 йил 12 майдан кундалик маълумотлар эълон қилиш амалиётини якунлаган.

Аслида, шунинг ўзиёқ сайёрамизда коронавирус бўйича эпидемиологик вазият барқарор эканлигини англатади. Қолаверса, SARS-CoV-2 нинг NB.1.81 штамми кенг кўламда ёйилаётганига доир маълумотларни ЖССТ расман тасдиқлагани йўқ», – дейди Отабеков.

У, шунингдек, Ер юзида янги тўлқиннинг кузатилиш эҳтимолини «қарийб нолга тенг»лигини таъкидлайди.

Мутахассис шунингдек, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини, аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланганини айтади.

«Тўғри, мамлакатимизда COVID-19 га чалинганлар оз миқдорда бўлса ҳам, аниқланиб турибди. Аммо мурожаат қилган беморларнинг фақат иккиламчи сурункали касаллиги бўлганларигина шифохонада даволанмоқда. Қолаганлари хасталик енгил кечганлиги сабабли амбулатор шароитда муолажа оляпти.

Ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас», – дейди Нурмат Отабеков.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилган ва тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилади.

«Шу маънода, дунёда қайд этилаётган янги штаммлар ҳақида дарҳол шов-шувли хабарлар тарқатишга зинҳор уринмаслик керак. Хавотирга ҳеч қандай асос йўқ», – дейди Отабеков.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг