Коронавирусдан вафот этган бемор қариндошларига шунчаки бериб юборилмайди

Интернет тармоғида шифохонада вафот этган беморларнинг жасадини яқинларига топшириш жараёнига оид тарқалган миш-мишлар юзасидан бемор вафот этган тақдирда ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмаслиги, бундай ҳолат юз берган тақдирда, ўша ходимга нисбатан чора кўрилиши маълум қилинди.
— Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта, унинг юзини яқинларига кўрсатиб, аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда тўла акс этади, — дейди Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроилов.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирги кунда коронавирусдан вафот этган беморларни дафт этиш жараёнлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.
Айни вақтда коронавирус хавфини бартараф этиш учун мамлакатимиз раҳбарияти ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари ҳамда ходимлари томонидан барча чоралар кўрилмоқда. Шундай шароитда турли хил миш-миш ва асоссиз хабарларга ишониб қолмаслик сўралади.
Таъкидланишича, инсонлар ҳаёти ва қадр қимматига дахл қилувчи ҳолатлар аниқланса, унга сабабчи бўлганлар қонун олдида жавоб беради. Асоссиз хабарлар тарқатиб, одамлар орасида ваҳима уйғотишга уринганлар ҳам ўз жазосини олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter