Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавируснинг кириб келишини олдини олишда хизмат кўрсатган аёллар тақдирланди

Коронавируснинг кириб келишини олдини олишда хизмат кўрсатган аёллар тақдирланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлигида тиббиёт тизимида алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар тақдирланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов иштирок этиб, барча аёлларимизни, шу жумладан, аёл тиббиёт ходимларини Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида ишлаётган мутахассисларнинг 75 фоизи хотин-қизлардан иборат. Шуниси эътиборлики, тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган аёлларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, академиклар, фан докторлари ва номзодлари, шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва туман ҳокимлари ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Эътиборли томони, коронавирус инфекцияси туфайли хорижий давлатларда кузатилаётган бугунги мураккаб эпидемиологик вазиятда ушбу касаллик ўчоғига бориб, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳамюртларимизни олиб келган фидойи тиббиёт ходимлари сафида шифокор аёлларимиз ҳам бор.

Карантинда бўлган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда, тезкор профилактик чора-тадбирлар кўришда алоҳида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ шифокор аёлларимизга Соғлиқни сақлаш вазири А. Шадманов «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг