Кучли фуқаролик жамияти сари салмоқли қадам
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги давр бошланаётганидан далолат беради. Мурожаатномада белгиланган вазифалар, айниқса, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш масалалари давлат сиёсатининг бош мезонига айланмоқда.
Эътироф этиш зарурки, бу йилги Мурожаатнома нафақат ҳисобот, балки мамлакатнинг кейинги йиллардаги стратегик йўналишини белгилаб берувчи дастуриламал бўлди. Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ролига алоҳида урғу бериб, очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, бу шунчаки сиёсий ирода эмас, балки ислоҳотлар барқарорлигини таъминловчи энг муҳим омил эканини таъкидлади.
Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилиши, хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши, ижтимоий буюртма бериш тизими рақамлаштирилиб, молиялаштириш ҳажми 2 карра оширилиши, хайрия ташкилотларини тузиш тартиби соддалаштирилиб, ҳисобдорлик ва шаффофлик механизмлари такомиллаштирилиши қайд этилди.
Бу ислоҳотлар Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, жамиятда "Давлат - бош ислоҳотчи" тамойилидан "Жамият - ислоҳотлар ташаббускори" тамойилига ўтишни англатади. Уларнинг амалга оширилиши натижасида қатор ижобий ўзгаришлар кўзга ташланади:
Биринчидан, беш йиллик стратегиянинг ишлаб чиқилиши фуқаролик жамияти институтлари, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг узоқ муддатли ва аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлишини таъминлайди. Бу соҳада давлат сиёсати барқарорлиги ва халқаро стандартларга мослашишини кафолатлайди.
Иккинчидан, ижтимоий буюртма бериш тизимининг рақамлаштирилиши ва молиялаштиришнинг 2 баравар кўпайиши соҳада коррупциянинг олдини олиб, маблағлар тақсимотида инсон омилини камайишига ва жараён шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Ижтимоий муаммолар ва лойиҳаларнинг тезкор ва янада самарали ечимига олиб келади.
Учинчидан, хайрия ташкилотларини тузиш тартибининг соддалаштирилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг ижтимоий ташаббусларини рағбатлантириб, бюрократик тўсиқларни камайтиради, натижада қисқа вақт ичида маҳаллий фондлар ташкил этилиши мумкин. Шунингдек, соҳада ҳисобдорлик механизмлари қўлланиши ҳомийларнинг пуллар қаерга сарфланаётганини кузатиши ва ишончи ортишига олиб келиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тўртинчидан, бу ислоҳотлар жамоатчилик назоратини кучайтириб, фуқаролик жамияти институтларини давлат органлари фаолияти устидан "халқона назорат" ўрнатувчи асосий кучга айлантиради. Пировардида ижро ҳокимиятининг масъулиятини оширади ва қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикри инобатга олинишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги ташаббуслар “кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалий ифодасидир. Бунда кенг жамоатчилик ислоҳотлар кузатувчиси эмас, фаол иштирокчисига айланади, жамият эса янги тараққиёт босқичига кўтарилади.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter