Кулги ортидаги фожиа: “Зита ва Гита”даги кеннойи – Манорама ҳаёти
Ҳинд киноси тарихида шундай актрисалар борки, улар экранда бир неча дақиқа кўринса ҳам, томошабин қалбида чуқур из қолдиради. Шу каби ноёб истеъдод соҳибларидан бири – “Зита ва Гита” фильмидаги ёвуз кеннойи образи билан машҳур бўлган Манорама эди.
Ҳақиқий исми – Эрин Исаак Даниел. Аммо миллионлаб мухлислар уни фақат битта ном – Манорама орқали танийди.
Манорама 1926 йил 16 августда Лаҳорда дунёга келган. Унинг отаси ирландиялик, онаси ҳиндистонлик эди. Болалиги осон кечмади – моддий қийинчиликлар, ҳаёт синовлари уни эрта улғайтирди.
Бўлажак актриса ёшлигиданоқ санъатга, айниқса саҳнага қизиқди. Бу қизиқиш уни кино оламига олиб кирди. Ўша пайтлари Болливудда ўз ўрнини топиш осон эмасди, аммо Манорама тинимсиз меҳнати ва ўзига хос истеъдоди билан бу йўлни босиб ўтди. Кейин эса классик Болливуд даврининг энг ёрқин иккинчи пландаги актрисаларидан бирига айланди.
Манораманинг образлари оддий бўлмаган. У қаттиққўл қайнона, айёр ва маккор аёл, бир вақтнинг ўзида кулгили ва қўрқинчли қаҳрамон ролини ўйнар эди. Актрисанинг мимикаси, овози ва ҳаракатлари шу қадар кучли эдики, ҳатто кичик роли ҳам томошабин ёдида қоларди.
1972 йилда экранга чиққан «Зита ва Гита» фильми Манорамага ҳақиқий шуҳрат олиб келди. Актриса унда золим, очкўз ва шафқатсиз кеннойи – Каушалия ролини ижро этди. Мазкур образ томошабинни ғазаблантирди ва бир вақтнинг ўзида кулдирди, шу аснода уни кино тарихида қолдирди. Манорама бу роли орқали «негатив комедия устаси» сифатида танилди.
Экранда қаттиққўл ва қўрқинчли кўринган бу аёлнинг шахсий ҳаёти анча оғир кечган. У турмуш қурган, аммо оилавий бахтга эриша олмаганди. Умр йўлдоши билан муносабатлари мураккаб кечди. Кейинчалик эри вафот этгач, бу Манорама учун катта руҳий зарба бўлди.
Аммо Манораманинг энг катта дарди қизининг бедарак йўқолиши ҳисобланади. Рита Ахтар унинг энг азиз инсони, нуридийдаси бўлиб, сирли равишда йўқолган эди. Онаизор қизини йиллар давомида кутди, излади, умид қилди... аммо бу умид-илинж ҳеч қачон рўёбга чиқмади. Қизидан айрилиқ дарди актриса қалбида умрининг охиригача қолди.
Манораманинг ёши ўтган сари кинога таклифлар камайди. Даромад йўқолди.
Бир вақтлар миллионлар олқишлаган актриса моддий қийинчиликка дучор бўлди, ҳатто уйидан айрилди. Айрим маълумотларга кўра, Манорама кўчада яшашгача борган. Бу ҳолат унинг шонли ўтмиши билан кескин зид эди.
Ҳаётининг охирида Манорама бир неча лойиҳада иштирок этиб, озгина бўлса-да молиявий барқарорликка эришди. У кичикроқ уй сотиб олди ва тинчроқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилди.
Манорама 81 ёшида инсульт туфайли вафот этди. Энг аламлиси шундаки, унинг дафн маросимида жуда кам одам қатнашди. Манорама деярли унутилган ҳолда ҳаётдан кўз юмган эди. Бир пайтлар экранни «забт этган» актриса ҳаёт саҳнасини жимгина тарк этди. У экранда золим кеннойи эди. Ҳаётда эса меҳрга муҳтож, қалби яраланган инсон бўлиб вафот этди.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter