Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳарқалай кундалик жаримага тортиш бўйича «план» белгиланмагандур?!

Ҳарқалай кундалик жаримага тортиш бўйича «план» белгиланмагандур?!

Фото: ИИББ

Рамазонда ижтимоий тармоққа кирмайман, деб аҳд қилган эдим. Бўлмади. Яшаш манзилимдан уч юз метр наридаги банкка зарурият юзасидан боришга тўғри келди. Ниқобда, албатта. Йўқса, не ғурбатга гирифтор бўлишим аниқ!

Йўл нарида вақтинчалик блок-пост борлигидан хабарим бор. Йўлим ўша томонда эди. Чорраҳадан ўтарканман, у ерда хизмат қилаётганлар етиб боришимга шунчалар интиқ эдики, то яқинлашгунимча кўзлари узишмади...

Саволлар тарқалган аудиодагидек: «Ҳурматли фуқаро... юртимизда карантин биласизми?..», «соғлиқни ўйламайсизми?..» ва ҳоказо...

Кўчага чиққаним сабабини айтдим. Ўзимни таништирдим. Яшаш уйимни ҳам кўрсатдим. Шахсимни тасдиқловчи ҳужжат, яъниким паспортим сўради. Шошганда уйда қолиб келибди. «Паспортим сандиқда эди. Олиб келиб кўрсатаман».

«Биз билан ГООМга боришизга тўғри келади», деб машинага юзланишди. «ГООМ яқин, 100 метр ҳам келмайди, пиёда бораман», деб машинага чиқмадим.

Миллий гвардия полвони ҳамроҳлик қилди. Яна ортимиздан «Ласетти»да 3 нафар ходим келяпти денг. Худдики катта жиноятчини тутгандай гўё...

Эшик олдида беш-олти нафар ит етаклаган фуқаролар турган экан...

Ичкарига кирар эканмиз, йўлакда бир-икки ёшлар турарди. Ортиқча кута олмаслигимни яширмадим. Тушунтириш ишларидан кейин ходимлар узр сўраб кузатиб куйишди.

Чиқиб кетаётиб қўшни хонадаги овоз диққатимни тортди. Чамаси, ниқобсиз ёши каттароқ аёл сўроқ қилиняпти. Гапларидан аёлни руҳан соғлом дейиш қийин. «Исмингиз?» деса, «Радха», дейди. Саволларга жавобан тинимсиз кулади. На манзил, на исми-шарифи ва на телефон рақамини айта олади денг. «Психушкага ташлаб келинглар!» деган топшириқ бўлди...

Карантин ҳамма учун синов, ҳеч кимга осон эмас. Бўлинма остонасида навбатини кутиб турган ит эгалари уй ҳайвонини қачон сайр қилдириш-қилдирмасликнинг аниқ вақтини билиши керак-ку?! Бу ҳақда аниқ ахборотга эга бўлмаганидан кейин улар нима қилсин?! Катта эҳтимол билан уларни маъмурий жарима кутиб турибди. Агар отнинг калласидек жарима тўлашса, ноиложликдан мушук ва кучугини кўчага ҳайдаб юбормаслигига кафолат борми?

Жонивор бир онгсиз ҳайвон, қўчага чиқариш унинг табиий эҳтиёжи, йўқса диққинафас уйда ўта тажовузкор бўлиб, инсонга ҳамла қилиши ҳам мумкин. Бунинг оқибатини ўйлашга юрак бетламайди...

Яна бир гап. Миллионлар сарфлаб, аҳолига биометрик паспорт берилди. Шундай қийин кунларда «шахсни аниқлаш»нинг автоматик тизими наф бермаётганидан ҳайронсан. Биопаспорт олиш чоғида бармоқ изларини нега топширдик унда? Нима учун фуқаро шахсига аниқлик киритиш учун албатта «ГООМ»га олиб борилиши, у ерда соатлаб вақт йўқотавериши керак?! Бошқа асаббузарликларни-ку айтманг... Ҳарқалай кундалик жаримага тортиш бўйича «план» белгиланмагандур?!

Жамоат тартибини сақлашнинг энг самарали йўли – норозилик кайфияти уйғотмаслик, аксинча, эътироз туғилган инсонни хотиржам қилишдир.

Қани янгича ишлаш услублари? Қани янгича ёндашувлар?

Бундай саволлар кўнгилда оғриқ уйғотмоқда, холос.

Гулшода Қурбонова, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг