Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лезвия ютишга уринган маҳкум яна 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Лезвия ютишга уринган маҳкум яна 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Иллюстратив фото

Бухоро вилоятининг Когон туманидаги 1-сон жазони ижро этиш колониясида 2016 йилдан буён жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум тартибни қўпол равишда бузгани учун қўшимча 7 йилдан зиёд муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди судяси Убайдулло Аллаев маълум қилди.

Тошкент шаҳрида туғилган 35 ёшли маҳкум Э.М. 2006 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси ЖК турли бандлари билан айбланиб, қатор йиллар давомида кетма-кет ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаб келган. Босқинчилик ва ўғрилик жиноятини содир қилган Э.М. Жиноят ишлари бўйича Паркент туман судининг 2016 йилдаги ҳукмига кўра, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Э.М. жорий йилнинг июлида жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик жиноятини содир этган. Феъл-атвори, юриш-туришидан ташқари, оддий инсонийлик тамойилларини ҳам унутган Э.М. ўз хатти-ҳаракатлари билан колонияда умумий тартибни ўтаб келаётган бошқа маҳкумларни ҳам норозиликка чорлашга уринган. Жазони ўташ тартиби талабларини мунтазам равишда бузиб келган маҳкум огоҳлантириш интизомий жазосини,  5 кеча-кундуз интизомий бўлинмага киритиш жазосини ҳамда 27 кеча-кундуз карцер интизомий жазосини олган.

У ошхонага саф тортиб бораётган саф орқа қисмига ўтиб, колония ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, ножўя сўзлар билан уларни ҳақоратлаган. Қолаверса, бошқа маҳкумларни ҳам колония ходимларига қулоқ солмасликка чақиришга уринган. Маҳкумлар ўртасида носоғлом муҳитни шакллантиришга ҳаракат қилган Э.М. сафдан олиб чиқилиб, алоҳида хонага киритилган. Шунда Э.М. сув ичгиси келаётганини айтади. Колония ходими сув келтирганида маҳкум чўнтагида яширинча сақлаб юрган лезвияни чиқариб, оғзига солади уни ютиб юборишини айтади. Колония ходимлари лезвияни оғзидан чиқарса, унга ҳеч қандай жазо берилмасилигини айтишганида «Қўлларингдан нима келади сенларни, айтганларингни қилмайман, барибир, нима қилсанг қил, бу зонадан тўйиб кетдим, муаммо қилиб беравераман», — дея оғзида ушлаб турган лезвияни чиқарган. Шунда ходимлар Э.М.га чаққонлик билан ташланиб, қўлларини кишанлаб, ерга ётқизишади. Маҳкумнинг чўнтакларидан қурилишда ишлатиладиган ўткир тиғли 3 та пичоқ ҳам топилган.

Суд-тергов ишлари давомида сўроқ қилинган бошқа маҳкумлар ҳам Э.М.нинг колонияда доимий равишда жазони ўташ тартибларини ўта қўпол равишда бузиб келишини, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслигини билдиришган.

Судланувчи маҳкумга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 60-моддасига (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) асосан, илгариги ҳукм билан тайинланиб, ўталмай қолган 7 йилу 13 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига қисман қўшиш йўли билан яна 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маҳкум тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг