Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Low coster» қатнови, мусофирчиликдаги қийинчиликлар – Лондондаги ўзбек йигити билан суҳбат

«Low coster» қатнови, мусофирчиликдаги қийинчиликлар – Лондондаги ўзбек йигити билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши – Буюк Британиядаги Лондон Жанубий Банк университети «Халқаро бизнес бошқаруви» йўналиши магистранти Исломбек Ғайратов.

Қаҳрамонимиз 1996 йил Сирдарё вилоятида туғилган. Бакалавр босқичини Тошкентдаги Халқаро Вестминстр университетида ўқиган.

Мен учун энг яхши танлов бўлган

2011-2014 йиллар оралиғиди Тошкент шаҳридаги Сирожиддинов номли академик лицейда ўқиганман. Очиғи у вақтлар Тошкентдаги Халқаро Вестминстр университети ҳақида унчалик ҳам кўп маълумотга эга эмас эдим. Ўша вақтлари лицей, ундан сўнг эса қўшимча хорижий тил дарсларига борганман. Мени Вестминстр университетида кириб, у ерда таҳсил олишимга лицей ва қўшимча дарсларда менга инглиз тилидан дарс берган устозларим сабабчи бўлишган. Ушбу университет ҳақида билганим сари, унга бўлган қизиқишим ҳам ортиб бораверган. Ҳатто, университетга қабул қилинишимдан олдин, университетда ташкил қилинган «Open Doors»га рўйихатдан ўтиб, олийгоҳ шарт-шароитлари, имкониятлари ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш учун борганим ёдимда.

Мазкур таълим муассасасида ўқиш мен учун энг яхши танлов бўлган ва бу борада мени қўллаб-қувватлаган, шароит яратиб берган дадамдан ҳар доим миннатдорман. Бу университетдаги таҳсил дунёқаришим кенгайиши ва мен учун том маънода дунё эшикларини очган, десам муболаға бўлмайди.

Уларнинг яшаш тарзини ўрганишни хоҳлаганман

Магистр даражасини олиш учун Қўшма Штатлар, Австралия ва Буюк Британиядан бошқа вариантлар ҳақида қизиқиб ҳам кўрмаганман. Ушбу давлатлар мен ўзим учун мақсад қилган асосий учлик деб айтишим мумкин. Бунга асосий сабаб, бу давлатларда талабалар учун имкониятларнинг кенглиги, ўқиш давомида ишлаш орқали ҳаражатларни қоплаш имконияти ва инглиз тили давлат тили ҳисобланганлиги бўлган. Сабаби мен фақат университет ҳудудида эмас, балки жамиятдаги қолган инсонларни ҳам инглиз тилида суҳбатлашишини, уларнинг яшаш тарзини ўрганишни жуда ҳам қаттиқ хоҳлаганман.

Нега айнан Буюк Британияда тўхталдим?

Содда қилиб айтганда, Буюк Британия таълим тизими мен учун таниш эканлиги (Тошкентдаги Халқаро Вестминстр университети) асосий туртки бўлган. Бундан ташқари, АҚШ визасини аввал икки марта қўлга киритган бўлсам ҳам, давомли берилиши кафолатланмаслиги, Австралияни эса визагача ҳаражатлари нисбатан қимматроқ эканлиги сабаб бўлган.

Эндиликда, Буюк Британия талабалари ҳам, университетни тамомлагандан сўнг, икки йиллик қўшимча иш визасига эга бўлишлари ҳам, танловимда катта ўрин тутган.

Монополиясиз ҳамма соҳада ривожланишга эришамиз

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, биринчи навбатда монополия сабаб, ривожланишдан тўхтаб қолаётган барча соҳаларни қайтадан ислоҳ қилинишини хоҳлаган бўлардим. Энг аввало, миллий авиакомпаниямиз ва аэропорт божлари масаласида ўзгаришлар қилиниши тарафдориман. Тўғри, баъзи ишлар қилинди, лекин ҳали қилиниши керак бўлган масалалар кўп. Масалан, Ўзбекистонни туризм орқали анча дунёга танитишимиз мумкин. Ўзбекистон, Европа мамлакатлари ва Шарқий Осиё давлатлари ўртасида жойлашган, чуқур тарихга эга давлат. Шунинг учун Ўзбекистонга киришга визасиз режим тизимини янада кўпроқ давлатларга қўллаш керак.

Иккинчиси, янада кўпроқ авиакомпанияларга Ўзбекистон орқали учишга рухсат берилиши керак, шу жумладан, «low coster» самалётлар қатновига ҳам. Бу нарса қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда аллақачон амалда.

Учинчидан, аэропорт ставкаларини хорижий авиакомпаниялар учун ҳам арзонроқ қилиш лозим. Сабаби, шу туфайли уларни ҳам авиабилет нархларини сунъий равишда ошириб қўйяпмиз. Агар висасиз режим бўлса, учишлар сони кўп бўлса, билет нархлари арзон бўлса, ғарбдан шарққа, шарқдан ғарбга йўл олаётган инсонлар, Ўзбекистон орқали учиб ўтишлари кескин кўтарилади. Юртимизда ўтказган ҳар бир кунлари эса, туризм ривожланиши учун асосий пойдевор бўлган бўлар эди. Биз тарихимиз зўр деб мақтансагу, келиб кўриш учун етарлича имконият яратиб беролмасак, сўзларимиз исботини топмаган бўлади.

Асосийси, ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрастувчилар ва истемолчилар учун етарлича танлов имконияти берилсин. Монополиясиз ҳамма соҳада ривожланишга эришамиз.

Мусофирчиликда она юртингиз, ота-она ва яқинларни соғинасиз

Бу борада мендан кўп сўрашади. Албатта бегона муҳитга мослашиш осон эмас. Шу маънода, Буюк Британияга ишлаш учун келаётганларга аввало инглиз тилини мустаҳкамроқ ўрганиб келиш, талабалар учун эса мустақил ҳаёт кечиришга мослаша олиш учун ўзларида етарлича куч топиб келишларини тавсия қиламан. Чунки, мусофирчиликда она юртингиз, ота-она ва яқинларни қаттиқ соғинасиз, улар билан бирга бўлгингиз, бир дастурхон атрофида ўтириб, ўзимизнинг ширин таомларимизни истеъмол қилгингиз келади. Шунинг учун келишдан олдин сабр ва қатъиятли бўлиб келиш зарур.

Жамият ва ўзгалар учун фойдам тегишини истайман

Бўш вақтим жуда ҳам кам бўлади. Асосан, уйдагилар ва яқинларим билан видео орқали суҳбатлашаман. Бу ердаги дўстларим билан дам олиш кунлари шаҳар айланамиз, музей ёки кўргазмаларга ташриф буюрамиз, баъзан, бошқа ён атрофдаги шаҳарларга кичик саёҳатлар уюштирамиз. Каронавирусдан олдин, университетдаги талаба дўстларимиз билан стол тенниси ҳам ўйнаб турар эдик. Бу мени Ўзбекистонда ҳам севимли машғулотларимдан бири бўлган.

Кежакдан умидларим катта. Бажарилиши керак бўлган ишлар ва эришишим зарур бўлган мақсадларим жуда ҳам кўп. Лекин уларни амалга ошмасидан олдин барча билан ўртоқлашишни унчалик ҳам хоҳламайман. Бироқ шуни аниқ айта оламанки, қаерда бўлмай амалга оширажак режаларим орқали албатта жамият ва ўзгалар учун фойдам тегишини истайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг