Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент лойиҳаларни амалга оширишдаги янги усулни Тошкент ва Самарқанд вилоятларида синашни таклиф қилди

Президент лойиҳаларни амалга оширишдаги янги усулни Тошкент ва Самарқанд вилоятларида синашни таклиф қилди

Фото: «President.uz»

Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштириш бўйича жорий этилган янги тартиб асосида ишларни ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Давлат раҳбари юқори иқтисодий ўсишга эришиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлашда инвестицияларнинг муҳимлигини қайд этар экан, шу пайтгача бу борадаги ишлар пала-партиш бажариб келинганини танқид остига олди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентнинг 2017 йил 18 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарори юқоридаги каби таҳлиллар натижасида қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда тармоқ ва ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилмоқда.

— Бундан буён Ривожланиш давлат дастурларига фақат дастлабки техник-иқтисодий асослари ва лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжуд бўлган лойиҳалар киритилади, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўз вақтида бажарилмагани ёки ижроси чала бўлгани учун айрим лойиҳалар йилдан йилга, дастурдан дастурга ўтиб келган. Масалан, Давлат санитария-эпидемиология назорати марказини лаборатория билан жиҳозлаш лойиҳаси дастлаб 2015 йилда, кейинчалик 2016 ва 2017 йилларда инвестиция дастурларига такроран киритилган.

Давлат раҳбари тажриба тариқасида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида лойиҳаларни энергиятежамкор, замонавий қурилиш ва енгил конструкцияли материаллардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш орқали уларнинг қийматини 20-30 фоизга арзонлаштириш амалиётини жорий этишни таклиф қилди.

Йиғилишда инвестиция лойиҳаларини иқтисодий, молиявий ва технологик асосланган ҳолда ишлаб чиқишда лойиҳа институтларининг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

Амалдаги лойиҳа ишларини бажариш қоидалари ўтган асрнинг 60-70-йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, замонавий талабларга мутлақо жавоб бермайди. Шу пайтгача хорижий консультантларни жалб этган ҳолда бирорта ҳам янги лойиҳа институти яратилмаган. Ҳудудларда бугунги талабларга жавоб берадиган лойиҳалаштириш ташкилотлари йўқ.

Йиғилишда лойиҳалаштириш ишларини такомиллаштириш, янги лойиҳа институтларини ташкил этиш, қурилиш-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва экспертиза қилишнинг мутлақо янгича механизмини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Илгари қарз, кредит ва грант маблағларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш борасидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича идоралараро кенгаш томонидан ташкил этиларди. Бу ваколатли давлат органларининг масъулияти ва ташаббускорлигини пасайтириб, ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ва харажатларга олиб келарди.

Бундан кейин Инвестиция дастури каби Ривожланиш давлат дастурига ҳам пухта ишланмаган, молиявий манбаси ва эгаси аниқ бўлмаган, фақатгина битимларда қолиб кетадиган лойиҳаларни киритиш амалиёти такрорланса, тегишли раҳбарлар қонун олдида жавоб беради.

Йиғилишда бюджет ва инвестиция маблағларидан оқилона фойдаланиш, молиялаштириш базасини кенгайтириш, солиқ имтиёзлари тизимини такомиллаштириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг