Лукашенко: «Россиянинг коронавирусни аниқловчи тестлари ҳеч нимага арзимайди»
Беларусь президенти Александр Лукашенко Россиянинг «COVID-19» коронавирусини аниқловчи тестлари аксар ҳолларда хато натижа беришини маълум қилди. Бу ҳақда «Новости» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Биз кўп текширув ўтказяпмиз. <…> Очиғини айтганда, тестлар ҳеч нимага арзимайди. Эътибор берган бўлсангиз, Путин (Россия президенти - таҳр.) юқумли касалликлар шифохонасига ташриф буюрганидан сўнг у ерда бош шифокорнинг вирусга чалинганлиги маълум бўлди ва у (шифокор - таҳр.) ҳиссиётга берилиб, тестларнинг нотўғри эканини гуллаб қўйди. <…> У «Мен энди бу тестлардан фойдаланмайман, фақат 60 фоиз жавоблар тўғри чиқяпти», деди. У 60, деди, лекин менимча, фақат 30 фоизда тўғри чиқади. Биз буни кўп кузатдик», - деган Лукашенко Гродненск вилоятига ташрифи чоғида.
СТВ каналининг хабар беришича, Россия тестларини танқид қилар экан, Лукашенко Беларусь АЭС қурилишида ишлаётган россияликларда коронавирус борлиги гумон қилингани билан боғлиқ вазиятни мисол келтирди.
«Шу ерда ҳам россияликлар тиббий кўрикдан ўтишди, атом электр станциясига келиб, 15 кишини даволадилар, кейин Россиянинг тестлари билан текширишди - ҳаммаси ижобий. Яна шифохонага ётқизиб даволаш керак. Россия тестларидан воз кечдик, ўзимизники ва Хитойникидан фойдаланган эдик, фақат бир кишида коронавирус аниқланди», - деди Беларусь раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter