Мажбурий меҳнат ва кўзбўямачилик ҳақида! Қисқа, аниқ, лўнда
Бугун, 17 апрель куни Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов «Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани бўйича билдирган танқидий фикрларидан сўнг кўрилаётган чоралар» мавзусида брифинг ўтказди. Брифинг «O‘zbekiston 24» телеканали орқали жонли тарзда эфирга берилди.
Тўғри, брифинг кутилганидан кўра қисқароқ бўлди. Аслида брифинг шунақа бўлиши керак. Аммо биз брифинг деганда савол-жавоблар бўлишига, масалаларни узоқ ва самарасиз муҳокама қилишга, муҳокамалар чоғи бир-икки «ташлашиб» ҳам олишга одатланганимиз учун уч дақиқа давом этган бу қисқа, аниқ, лўнда брифинг тугагач ҳам давоми бордек яна анча вақт кутиб турдик.
Майли, гап бунда эмас. Гап шундаки, президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги йиғилишдан кейин Бош прокуратурага тегишли топшириқ берганини, Диана Еникеева фожиасида айбдор бўлган раҳбарлар, шунингдек, президент ташрифи баҳонасида кўзбўямачилик қилганлар ҳам жазоланишини билиб олдик. Адолатнинг тантанаси шу. Ҳақиқатпарварлик шу!
Мени бир-икки бошқа савол қийнайди: «Диана қалб даъвати билан ҳашарга чиққанди, ҳашар халқимизнинг минг йиллик удуми, бунда ҳокимларнинг айби йўқ, ҳокимларга ҳам осон тутманглар» деб аюҳаннос солган мухбир ҳозир қайси ашулани ёдлаётган экан?
«Хаbar.uz» сайтини ва таҳририят топшириғи билан журналистик суриштирув ўтказиб, ҳақиқатни ёзган журналистни ёлғончига чиқарган Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари ва Самарқанд вилояти ХТБ бошлиғи ўринбосари қандайгина ўтирибди экан тиканларнинг устида?
«Диана ҳам, бошқа ўқитувчи ҳам ободонлаштириш ишларига чиқарилгани йўқ ва чиқарилмайди ҳам, бунга мана, акангқарағай кафолат беради» деб юборган ва журналист ҳамда сайтимизни нохолисликда айблаган амалдорлар нималарни ўйлабгина ўтирибди экан?
Анови бир шўрлик ёлланган «қаламкаш» бор эди алмойи-жалмойи гапларни ёзган, бизларни халқни чалғитаётганликда айблаган Обид Омонов деган. Шу бечора бошини қайси деворга ураётган экан энди?
Худога шукур, ўқитувчиларни, шифокорларни, талабаларни шунақа ишларга жалб қилмаслик тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқариладиган бўлибди, хурсанд бўлдик. Аммо ҳоким дегани қарорни ўзи чиқариб олаверади. Буни ҳадемай кўрамиз. Пахта терими бошланса, ҳар бир вилоят ҳокими ўз қарорини чиқариб олади.
Шунинг учун биз қарор эмас, ўқитувчи ва шифокорни бошқа ишга жалб қиладиган ҳар қандай амалдорга жазони кўзда тутадиган қонун қабул қилинишини истаймиз. Қонунда жазо ҳам аниқ кўрсатиб қўйилиши керак. Ана шу қонунда ободонлаштириш ишларига чиқамиз ёки пахта теришга «қалб амри билан чиқамиз» деган «ташаббус» билан чиқадиган ўқитувчи ва шифокорларга ҳам жазо белгилаб қўйилиши шарт.
Ўқитувчи ва шифокорларни ҳар хил ташаббуслардан ҳам эҳтиёт қиладиган қонун қабул қилиниши керак. Бўлмаса, каттаконларга яхши кўринишни истайдиган ташаббускорлар доим топилиб қолаверади.
Яхшиликлар бўлаверсин!
Каримберди Тўрамурод, «Хаbar.uz»нинг махсус мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter