Малайзияда таҳсил олишнинг асосий афзаллиги айтилди
Бугун, 14 сентябрь куни Тошкентда «Малайзия ва Ўзбекистон: олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Икки давлат олий таълим вазирликлари масъуллари ҳамда ОТМлари вакиллари иштирок этган тадбирда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, етакчи университетлар ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш, талабалар алмашувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуман якунида Ўзбекистон миллий университети билан Малайзиянинг Султон Зайнул Обидин ҳамда Куала Лумпур университетлари, Ўзбекистон банк-молия академияси билан Султон Зайнул Обидин ҳамда Утара университетлари, шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти билан Султон Зайнул Обидин университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (Education Malaysia Global Services) дунё бўйлаб Малайзия таълим тизимини тарғиб этиш, халқаро талабалар алмашинувлари ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш билан шуғулланади. Ташкилот Малайзияда таҳсил олаётан хорижлик талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам масъул.
Халқаро анжуман доирасида Тошкентга келган Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги бош ижрочи директори Нови Тожиддин «Xabar.uz» мухбирига ўзбекистонлик ёшларга таклиф этилаётган имкониятлар ҳақида гапириб берди.
«Малайзияда таҳсил олишнинг афзалликлари талайгина. Биринчидан, таҳсил олиш харажатлари нисбатан арзон, яшаш, саёҳат қилиш ҳам чўнтакбоп нархда. Иккинчидан, Малайзия турли маданиятлар бешиги саналади. Бир мамлакатда малай, хитой, ҳинд, малай, панжобий каби кўплаб маданий анъаналарга ошно бўласиз. Қолаверса, Малайзия Ўзбекистон каби гўзал ўлка – тоғ, денгиз, оролларга бой муҳитда мароқли таълим олиш мумкин. Энг асосийси, коллеж ва университетларимиз халқаро мезонларга жавоб беради», – дейди агентлик бош ижрочи директори.
Малайзия Ўзбекистонга талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил кўламини оширишни таклиф этмоқда.
«Айни пайтда Малайзия олий таълим муассасаларида 350 нафар ўзбекистонлик талаба ўқияпти. Пандемияга қадар давр билан солиштирганда рақамлар ўсган, албатта. Аммо биз бу кўрсаткич янада ошиши учун қўлимиздан келган кўмакни кўрсатишга тайёрмиз. Сирасини айтганда, биз тўсиқларни бартараф этиб, ҳамкорликнинг янги кўприкларини барпо этиш ниятидамиз», – дейди Нови Тожиддин.
Малайзия делегацияси сафар доирасида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармасида ҳам учрашувлар ўтказди.
Хусусан, «Эл-юрт умиди» жамғармасидаги музокарада 2024 йилдан бошлаб Малайзиянинг нуфузли университетларига ўқигани борадиган Жамғарма стипендиатларининг ўқиш харажатлари учун 20 фоиздан 50 фоизгача чегирма ажратиш масаласи университетлар билан ҳамкорликда ҳал қилиниши таъкидланган.
Бундан ташқари, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил қилишга келишилган. Қисқа муддатли стажировка дастури учун ҳам чегирма ваъда қилинган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида юртимизда меҳмон бўлган Глобал таълим хизматлари агентлиги бошқаруви раиси Абдул Раззоқ Аҳмад Малайзия Ўзбекистон билан ислом молияси, муҳандислик, тиббиёт, туризм каби йўналишларда ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter