Манфред Ҳутерер: Германия халқаро майдонга қайтди!..

Элчи Манфред Ҳутерер
Германия федерал канцлери сифатида иш бошлаган Фридрих Мерц ҳамда янги ҳукумат жадал равишда мамлакат ва дунё олдида турган муҳим муаммоларни ҳал этишга киришади. Бу ҳақда Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Ҳутерер 7 май куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди.
«Германия халқаро майдонга қайтди! Янги федерал канцлер Фридрих Мерц бошчилигидаги ҳукумат нафақат Германия ички ҳаёти, балки глобал масалалар юзасидан ҳам ечимлар таклиф этишга киришади», – деди Манфред Ҳутерер Германияда янги маъмурият шаклланиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида.
Германияда ҳукумат алмашуви ортидан Берлиннинг Ўзбекистонга муносабати ўзгарадими? Элчи ушбу масалага ҳам ойдинлик киритди.
«Маълумки, Фридрих Мерц етакчилигидаги ХДИ/ХСИ (Христиан-демократик иттифоқ ва Христиан-социал иттифоқ) блоки эндиликда собиқ канцлер Олаф Шольц бошчилигидаги Социал-демократик партия (СДП) билан коалиция тузган. Демак, янги ҳукуматдан кўп масалаларда давомийлик кутилади. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларда ҳам давомийлик таъминланади. Иқтисодиёт, сиёсат, дипломатия, маданият, умуман, барча соҳаларда изчил ўсиш давом этади», – деди дипломат.
Қайд этилишича, миграция ва меҳнат бозорини малакали ишчилар билан таъминлаш Тошкент ва Берлин муносабатларининг муҳим йўналишларидан бири бўлиши мумкин.
«Федерал канцлер Олаф Шольцнинг 2024 йил сентябрь ойидаги ташрифи мобайнида Самарқандда Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ҳукуматлари ўртасида Миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Янги ҳукумат таркибидаги партияларнинг коалицион битимида ҳам Германия учун малакали ишчилар зарурлиги алоҳида қайд этилган. Ўзбекистон салоҳиятли ва меҳнат этикаси юқори мутахассисларга эга. Бу йўналишда ҳам алоқалар янада ривожланади деган умиддаман», – деди элчи.

Фото: dpa
Таъкидланишича, 2021 йилдан буён Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқалар икки бараварга ўсди, 2024 йилда ўзаро савдо айланмаси бир миллиард долларга етди.
Германия Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш учун 700 млн евро ажратган. Ушбу маблағ барқарор тараққиёт, масъулиятли бошқарув, соғлиқни сақлаш каби йўналишлардаги лойиҳалар учун сарфланиши кўзда тутилган.
Аввал хабар берганимиздек, Германияда жорий йил 23 февраль куни муддатидан олдин бўлиб ўтган сайловда ХДИ/ХСИ блоки 28,5 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Ушбу ғалаба консерватив блок раҳбари, 69 ёшли сиёсатчи Фридрих Мерцга канцлерликка йўл очди.
Ҳукуматни шакллантириш учун ўнг марказчи ХДИ/ХСИ блоки сўл марказчи Германия Социал-демократик партияси билан коалиция тузди.
Кеча, 6 май куни Германия парламенти (Бундестаг) иккинчи уринишда Фридрих Мерцни канцлер лавозимига тасдиқлади. Такрорий овоз бериш чоғида Мерц учун 325 депутат овоз берди, минимал талаб 316 нафарни ташкил этарди.
Бундестагдаги сайлов ортидан Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Фридрих Мерцни расман канцлер этиб тайинлади.
Шу тариқа 2021 йилдан бери ҳукумат бошлиғи вазифасида ишлаб келган Олаф Шольц ўрнини Фридрих Мерц эгаллади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter